80 ТОННА «КУМУШ ТОЛА»

Уч юзу эллик килограмм ипак, йигирма минг метр адрас, ўн уч минг метр атлас…

Бу бир тонна пилладан олинадиган қимматбаҳо маҳ­сулотлар, холос. Энди буни саксонга кўпайтириб кўрсангиз, куни кеча зиммаларидаги вазифани шараф билан уддалаган янгийўллик пиллакорлар эришган ютуқнинг салмоғи яққол ойдин бўлади.

Кечаги маълумотларга кўра, Янгийўлдаги қабул пунктларига етказилган қимматбаҳо саноат хом ашёсининг салмоғи 80 тоннадан ошиб кетди. Бу 1460 қутидан зиёд ипак қурти уруғлигини парваришлаган туман пиллакорларининг матонатли меҳнат зафарини вилоятда биринчилардан бўлиб нишонлашлари учун кифоя қиладиган кўрсаткичдир.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, аслида, қишлоқ хўжалигида деҳқон учун қулай келган йилнинг ўзи бўлмайди. Хусусан, жорий мавсум вилоятимиз заршунослари қатори янгийўллик пиллакорлар учун ҳам етарли муаммо ва машаққатлар туғдирди, ирода ва матонатларини яна бир бор синовдан ўтказди.

Баҳор ҳароратининг меъёрдагидан анча паст келгани, мавсум мобайнида кучли жала ва дўл ёққани, турли касалликларга қарши курашишга тўғри келгани, ҳамма жойда ҳам озуқа манбаларининг етарли бўлмагани барчамизга яхши маълум.

Қийинчиликларга қарамай, ишни тўғри ташкил этиб, азалий анъаналар ва кўп йиллик тажрибалар, пиллакорликнинг замонавий интенсив технологияларидан оқилона фойдалана билганлари туман пиллакорлари муваффақиятининг асл омили бўлди.

Назаримизда, мана шундай мураккаб бир шароитда ҳар қутидан 50-55 килограммдан ошириб «кумуш тола» олганингиз, энг муҳими, зиммангиздаги вазифани вилоятда биринчилардан бўлиб уддалаганингиз ҳар қанча эътирофга сазовордир, янгийўллик заршунослар!

Алишер РАҲМАТОВ

2018-07-31T20:07:02+00:00