ҲАЛИ ҲОСИЛ МЎЛ

Бўка туманидаги “Аҳмад ота” фермер хўжалиги ҳар йили шартномавий режа топшириқларини ортиғи билан адо этиб келади. Фарҳод Душабоев бошчилигидаги хўжалик аъзолари жорий йилда 38 гектар майдонда ғалла етиштирдилар.

Мавжуд ғалла майдонининг ҳар гектаридан 65 центнердан ҳосил йиғиштириб олиниб, давлат хирмонига 135,5 тонна сара дон топширилди . Шартномавий режа туманда биринчилардан бўлиб бажарилди.

Албатта, мўл ҳосил олиш учун йил давомида ғалла майдонларига бир маромда ишлов бериб борилди. Яъни, 170 тонна маҳаллий ўғит солинди, ҳар гектарига 850 кг.дан минерал ўғитлар сепилди. Беш маротаба суспензияланди.

– Унумли меҳнат қилганимиз, агротехник тадбирларни бир маромда ўтказганимиз натижасида кўзланган мақсадга эришдик, – дейди фермер. – Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Далаларимизда ҳосил мўл. Мақсадимиз – ҳосилдорликни 80 центнерга етказиш.

Дарҳақиқат, бўкалик фермерлар ўз олдиларига юксак марралар қўйишган. Ерни доимий равишда қувватлантириб борувчи миришкорлар ҳосилдорликни ошириш йўлларини ҳам билишади. Буғдойдан бўшаган майдонларга айни дамда картошка, мош, фасол сингари экинлар экишга ҳозирлик кўрилаётир.

Ашурали БОЙМУРОДОВ

2020-06-29T14:06:44+00:00