ҚАТРАДА ҚУЁШ АКСИ

Гўдак улғаяр экан, у хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, ёшлигиданоқ катталарга, айниқса, ота-онасига тақлид қилиб воя­га етади. Уларнинг хатти-ҳаракатларини такрорлайди, гап-сўзларини қайтаради.

Ён қўшнимнинг уйига кундалик юмуш билан кириб борар эканман, ҳовлида дадасининг уловига ўтириб, ўзини ҳайдовчидек ҳис қилаётган 7 ёшли Муҳаммад Аълога кўзим тушди. Беихтиёр, уни кузатдим. Ошхонадан кечки таомга уринаётган онанинг овози эшитилди:

– Ўғлим, синглинг билан бизни қаерга олиб бормоқчисан, истироҳат боғигами, меҳмондорчиликками ёки киногами?

– Ойижон, қанақа истироҳат боғи?! Мен сизларни «Китоб олами»га олиб бораман!

Ўйлаб қолдим, мурғак қалбда китобга муҳаббат, «Китоб олами» ҳақида бундай кўтаринкилик қаердан уйғонди экан? Менимча, оиладаги муҳит, китобсеварлик бўлса керак. «Қуш уясида кўрганини қилади», дейди доно халқимиз. Китобхонликни, аввало, оиладан бошлаш лозим.

Ҳақиқатан ҳам «Китоб – офтоб» деганлари бежиз эмас. Офтоб ўз тафти билан она заминга жон бағишлайди. Агар офтоб тушмаса, замин ҳалокатга юз тутади. Китоб ҳам гўёки шу офтоб мисол инсонга маънавий озуқа, юксак онг ва тафаккур бағишлайди. Заминни офтобсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, инсо­ният­ни ҳам зиё манбаи – китобсиз тасаввур этиш мумкин эмас.

Кичкинтойнинг оила аъзоларини болаларча беғуборлик билан: «Китоб олами»га олиб бораман!» дейишини юртимизда китобхонлик, китоб мутолааси, айниқса, оилада­ги китоб маданиятига бўл­ган эътиборнинг кичик бир акс-садоси, деб биламан.

Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини янада ошириш, ёш авлодни мутолаага ундаш каби вазифалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан китобхонлик борасида қабул қилинган қатор ҳужжатларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этиш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши белгилаб қўйилгани алоҳида эътиборга молик.

Ўз навбатида, вилоятимизда ҳам мавзуга оид турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Оҳангарон маданият ва истироҳат боғида ўтказилган «Китоб байрами»да вилоятимиз жамоатчилиги, Оҳангарон туманининг корхона, ташкилот, таълим муассасалари ходимлари ва минглаб китобсевар ёшлар иштирок этди.

Худди шу мавзудаги тадбир Қибрай туманида Тошкент давлат аграр университети жамоа­си томонидан ташкил қилинди. «Китоб ва китобхонлик – инсон маънавияти кўзгуси» мавзуидаги адабий кечада юртимизнинг таниқли шоир ва адиблари, иқтидорли талабалар, ёш ижодкорлар иштирок этишди. Улар иштирокидаги шеърхонлик қатнашчиларга хуш кайфият улашди.

Китобхонликни тарғиб қи­лувчи тадбирлар вилоятимиз бўйлаб давом этмоқда.

Ирода МУҲАММАДАЗИЗОВА,

Республика «Маънавият ва маърифат» маркази вилоят бўлими етакчи мутахассиси

2018-07-31T19:40:34+00:00