АЁЛЛАРНИНГ БАРНОСИ, РАИСЛАРНИНГ АЪЛОСИ

 

Маҳалла илк ҳаётий тасаввуримиз, онгу шууримиз, дунёқарашимиз, эътиқод ва тафаккуримиз шаклланадиган маскан. Ундаги ҳар бир оила, қўни-қўшни мисолида юрт тупроғининг муқаддаслигини, яқин кишиларимиздек азиз бўлиб қолган маҳалладошларимизнинг қайноқ тафтини ҳис қиламиз, уларга интиламиз.

Айниқса, сўнгги йилларда маҳалла чин маънода демократия дарсхонасига, аҳоли мурожаатлари ва ташаббусларини тинглайдиган, уларга зарур ёрдам кўрсатадиган, давлатнинг бу борадаги ҳар қандай иштирокини ташкил этиб берадиган ижтимоий тузилмага айланди. Ўз-ўзидан маҳалла раислари зиммасидаги масъулият ҳам ошди.

Қибрай туманидаги “Олмазор” маҳалласини 3 минг 100 нафар аҳолини 722 та оилада бирлаштирган тинчлик қўрғони, деса бўлади. Маҳалла раисаси Барно Раззоқовани аҳоли жонкуяр, куйди-пишди, одамлар дарди билан яшайдиган раҳбар сифатида яқиндан танигани боис, унга иккинчи бор ишонч билдиришди. Раисанинг аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга ошираётган ибратли ишларидан кўпчилик миннатдор.

Карантин даврида кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, ўнлаб хонадонларга ҳомийлар кўмаги асосида озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситаларини узлуксиз етказиб бериш, маҳаллада арзонлаштирилган кўчма ярмаркалар ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида томорқада етиштириш учун уйма-уй юриб гул кўчатлари тарқатиш каби ишлардан ортиб, ҳар бир оила билан телеграм канали орқали онлайн тарзда мулоқот қилиш Барнохоннинг кундалик юмушларидан. У ташкил қилган маҳалланинг мессенжер каналида 710 аъзо бор. Улардан камида ўн фоизи ҳар куни бир савол билан мурожаат қилади.

Демак, Барнохон етмиш саволга етти марта ўлчаб жавоб бериши керак. Яна бир саволни ўн қайтарадиган, юқорида ёзилган жавобни кўрмай, айни шу саволни ғижимлайдиган қанча! Ажабки, Барнохон буларни ҳеч оғир олмайди, одамлар билан ишлашни билади, ҳеч кимни ноумид қилмайди. Кимга қаттиқ турмаса, кимга сал юмшоқ гапирмаса бўлмаслигини аниқ чамалайди!

Маҳалла аҳли ҳам унга шунчалик меҳр қўйганки, бу ерга адашиб бориб қолсангиз, маҳалла раиси ҳақида бирор ножўя гап қилиб юрманг, олмазорлик йигитлар нақ ёқангиздан олишади, раисимизга тил теккизма, деб!

– Пандемия туфайли ҳамма карантинда уйда ўтиришга мажбур бўлди, – дейди туман

кенгаши депутати Гулнора Тўхтаназарова. – Шундай синовли пайтда Барно Раззоқова ташаббуси билан маҳаллага пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига қарашли алоқа бўлими билан ҳамкорликда оптик толали интернет тармоғи олиб кирилди ва мадем тарқатилди. Ҳозирда маҳалланинг 70 фоиздан зиёд аҳолиси замонавий интернет тизимидан фойдаланмоқда. Бу, айниқса, ёшлар учун жуда қўл келди. Уйдан чиқмай масофавий ўқиш, давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкони яратилди.

– Синовли кунларда аҳоли ўзини йўқотиб қўймади, саросимага тушмади, – дейди Б. Раззоқова. – Аксинча, маҳалладошлар янада жипслашди, бир-бирига ёрдам қўлини чўзди. Саховатпеша инсонлар ҳам қараб туришмади. Жумладан, катта бир оила Рамазон кунлари 40 кг. ош дамлаб, эҳтиёжманд хонадонларга тарқатди.

Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг 6 нафар фарзанди билан бева қолган аёлга ҳомийлар томонидан кўмак, закот пуллари берилди. Ётиқли бемор ва кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 15 та оилага бир ой давомида уларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда бепул нон етказиб берилди. Байрамларда кексаларга ва кўп болали оилаларга совғалар ташкил этилди.

Республика қон қуйиш марказига беғараз ёрдам – донорлик қони кераклигини эшитган маҳалламизнинг 60 нафар аҳолиси ўша куннинг ўзидаёқ қон топширишди. Куни кеча яна 40 нафар фуқаро ушбу савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшишди.

– Қачон қараманг, Барнохон доимо эл ташвишида югуриб-елиб юрган бўлади, – дейди

маҳалла фаоли, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Ходжаева. – Гоҳ ишлаб чиқариш корхонасига иш сўраб борган ёшлар билан суҳбатлашаётган, гоҳида эса қайнона-келинни муросага чақираётган бўлади. Хизмат юзасидан юртимизнинг кўп маҳаллаларида бўлишга тўғри келади. Тўғрисини айтиш керак, жойларда эл-юртга фидокорона хизмат қилаётган раисларимиз кўп. Лекин, барибир, уларнинг ҳам айнан Барнохондек бўлишини жуда-жуда истардим… Айтганча, шунча ташвиши етмагандек, Барнохоннинг бировга билдириб-билдирмай шеър ёзадиган иқтидори ҳам бор экан, қаранг. У шоир бўлиш даъвосида эмас, маҳалладошлари кўнглига малҳам бўлиш учун ёзади.

У ҳар бир маҳалладошининг туғилган санасини телефони хотирасига киритиб қўйган. Кимгадир мақтов, кимгадир бир озгинали шеърлар ёзиб, байрам ҳазиллари йўллаб, кўпчиликни тўғри йўлга солганини маҳалладошлар кўп кўришган экан. Маҳалладошларининг таваллуд кунларида ўзига мос ва хос қилиб шеърий табриклар йўллаб, уни мессенжерда эълон қилиб ҳамманинг кўнглини олишга интиладиган Барнохон мана, бугунги шеърини табаррук ёшини нишонлаётган маҳалладоши Сотиболди акага бағишлабди. У шеърни юбилярнинг кенжа келини тилидан битишни маъқул кўрибди. Кенжа келиннинг қайнотасини мақтаб айтган гаплари шоиртабиат Барно Раззоқовага илҳом берган бўлса ажабмас.

Аллома АЗИЗОВА

/Тошкент ҳақиқат/

2020-07-06T16:40:05+00:00