«АЖРАЛИШ» КУЙИНИ ЧАЛАЁТГАН КИМ?

Тошбуви дафъатан қулоғига чалинган ширали овоздан, қўшиқдаги маъсум ёзғиришлардан чуқур энтикиб қўйди. Ҳозиргина маҳалла фаоллари йиғилиши, яраштирув комиссияси ишида қатнашиб ғашлик эгаллаган кўнгли бир оз юмшаб, мижжалари ёшланди. Худбинлиги туфайли уч фарзанди ҳам кўзига кўринмаётган ёшгина жувон, «сен эмас, мен!» деб ўз сўзида туриб олган каландимоғ қайнона, уларни келиштиролмай, на ўғил, на эр, на оталикни ўрнига қўёлмайдиган ношуд куёв…

Ёшларни яраштириш учун куюниб сўзлаётган кексалару, кўзларида илтижо, шу билан бирга меҳрсизлик оқибатида юраклари ҳадик ва наф­ратга тўлган зурриётлар… Уйга қайтаётганида эса, автобусдаги воқеани эслаб баттар эзилди…

…70 ёшлар чамасидаги икки онахоннинг бир-бирига навбат бермай сўзлашлари нафақат Тошбувини, балки уларнинг ён-атрофидаги ёшу қарининг ҳам диққатини торт­ган эди.

– Опоқи, яхши юрибсизми, неварангиз катта келин бўлиб, ўрганиб кетдими янги уйларга?!

– Раҳмат, айланай. Э, нимасини айтасиз, Ҳамрожон. Лекин, бизнинг бу қилган тўйларимиз, оборган сарпо-суруқ, мебелларимиз йиғлаб турибди-да у уйларда!

– Вой, нега ундай дейсиз, икки ёшнинг бахтини берсин денг, ундан кўра… Ростдан ҳам жуда тўкиб-сочиб тўй қилдинг­лар, ошгаям «тумонат одам келди», деди бизникилар…

– Ҳа-да, ўзи беш юз кишига жой ҳозирлатувди ўғлим, олти юз чоғли одам келибди. Ош етмай қолиб, бошқа жойдан обкелишибди. Артистларни ҳам деган, деганларини айтибди, ўғлим, ёлғиз қизда неварагинам. Бу ёғи орзу-ҳавас, айланай. Эртаси куни дугоналари кўришга боришса, алоҳида жой ҳозирламай, амма, холага қўшиб кутишибди. Неварам қаттиқ хафа бўл­ди. Ахир, ўртоқлари казо-казоларнинг қизлари бўл­са… Э, бўлмайдиганга ўхшайди. Неварагинамни «аллада азиз, тўрвада майиз» қилиб катта қилганмиз. Қўлини совуқ сувга урмаган. Энди бўлса, саҳарлаб «сув сеп, супур» эмиш. Э, бўлмайди, агар уйга келса олиб қоламан, унақа ҳовлида яшолмайди неварам. Агар бўлак чиқариб қўй­са, «яшайсан», демоқчиман…

Ана, сизга етмиш ёш­ли онахоннинг фикри. Орқадаги ўриндиқларда ўтирган ёш-ёш қизлар эса унинг гапларини жимгина эшитиб келишаяпти… Ўзаро кўз уриштириб олишларига қараганда онахоннинг гаплари уларга ҳам ёқиб тушдиёв…

Демак, ҳозирги кунда кўпайиб қолган оилавий ажримларга фақат ёш­ларни «айбдор» де­йиш ўринлимикан?!

– «Қарс икки қўлдан чиқади», деганлари бор гап, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бош мутахассиси Маҳфуза Халилова. – Йил давомида туманимизда 232 нафар оила ажрашиш учун ариза берган.

Уларни ўрганиш давомида, баъзиларида айтишга арзигулик сабаб ҳам йўқлиги кишини ўйга толдиради. Шукрки, ўтган йилнинг сўнгги ойида ўн етти нафар ажрашиш арафасида турган оила қайта тикланди. Янги йилни аҳил-тотувликда, фар­занд­лари билан кутиб олишди…

Суҳроб ва Сарвиноз Баҳромовлар шулар жумласидан. Уларнинг ширингина оиласи, бир фарзанди бор. Лекин, Сарвиноз бир йилгача онасиникида яшади. Сабаби – эр-хотин бир-бирини тушуниши қийин кечди. Характерлари тўғ­ри келмабди?!

Бундай олиб қаралганда ўзига тўқ оила, ҳамма нарса етарли. Аммо, икки томон ҳам бўш келгиси йўқ. Иш судгача бориб етди. Ниҳоят, яраштириш комиссиясининг аралашуви билан, оила қайта тикланди. Шукур Раҳматов ҳам аёли Ҳуррият Дадаева билан сан-манга бориб, келишолмай бир муддат алоҳида яшашди. Аммо, тез орада ҳар иккаласи ҳам хатоларини тушуниб етди, шекилли, оила аталмиш муқаддас қўрғонга хиёнат қилинмади.

Жаҳонгир ва Феруза Узоқовларнинг ҳам шириндан-шакар икки фарзанди бор. Аммо, ўзаро тушунмовчилик сабаб бир муддат сарсон юришди. Лекин, ажрашишлари учун арзирли сабаб йўқ эди. Туман хотин-қизлар қўмитаси, «Ўчоқли» маҳалласи фаоллари, яраштирув комиссиясининг тушунтириш ишлари зое кетмади. Демак, бундай жанжал, келишмовчиликларни ўзаро ҳал қилиш ҳам мумкин.

Вилоятимизда шундай арзимас сабабларни рў­кач қилиб, ажрашишга ариза бераётганлар афсуски, оз эмас. Яқинда келинига ошиқ бўлган бир қайнота ҳақидаги гап-сўзлар «Учбурчак» кўрсатувидан сўнг элга дастурхон, ғийбатга суяги йўқ­ларга эса зўр ҳангома бўлди. Нафақат қайнотаси, балки ўз тушган оиласи, умр йўлдошининг обрўсига путур етказган келин билан яшашни истамаётган эрнинг қарори ҳам бежиз эмас.

– Афсуски, бундай юзсизлик вилоятимизга, хусусан, Чиноз тумани аҳолиси шаънига ҳам яхши бўлмади, – дейди кекса педагог Маъмура Қурбонова. – Айтишларича, маҳалладагилар қайнота бўлмиш ҳақида ижобий фикрларни айтишган. Бир томондан, шундай бўлган тақдирда ҳам уни телевидениега олиб чиқиш тўғримикан?!

– Аслида оиладаги икир-чикирларни кўчага чиқаришдан истиҳола қи­ладиган, «тўрт девор» ичидаги воқеаларни имкон даражасида ўзаро ҳал этадиган ориятли халқ­миз, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Дилором Тошматова. – Тўғри, баъзан ўзгаларнинг аралашувисиз ҳал қилиниши қийин бўлган муаммоли ҳолатлар ҳам учрайди. Бу ўринда оила маънавияти нечоғлик зарур жиҳат эканини таъкидлаш шарт эмас. «Яхши ота-она фарзанд бахти», деб ҳам бежиз айтилмаган. Яхши ота-оналар ўғил-қизларига ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларида учрайдиган мушкулотларни сабр-қаноат билан енгишга, таъбир жоиз бўлса, «сув келса симириб, тош келса кемириб» яшашга ўргатади. Ана шундагина «Оила» аталмиш муқаддас даргоҳ завол топмайди, фар­занд­лар ота-она меҳридан мосуво ўсмайди.

Сайёра РИХСИЕВА,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири.

 

2018-02-28T19:18:32+00:00