«АЗИЗ ВАТАНДОШЛАР, ҲАР КУНИНГИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН!»

вилоятимизда яқинлашиб келаётган умумхалқ байрамига мана шундай эзгу ғоя остида катта тайёргарлик кўрилмоқда

Донишмандлардан бири: «Қиш фаслини жуда ёқтираман, чунки унинг ортида умид бор, Наврўз бор!» деган экан. Дарҳақиқат, бу умидли дунёда янгиланиш ва яшариш фаслини соғинмайдиган, тирикликнинг мунаввар лаҳзаларини етаклаб келадиган Наврўзи оламни орзиқиб кутмайдиган ким бор? Минг шукрки, яна шундай фараҳбахш дамлар остонасидамиз. Бугун қишнинг энг сўнгги куни ортда қолаяпти.

Атрофга бир қаранг: табиат уйғонмоқда, баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Янгиланиш, яшариш фасли бошланаяпти. Шоир: «Ҳар баҳорда шу бўлар такрор», дея ёзгани каби ҳадемай юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади.

Президентимизнинг ўтган ҳафтада эълон қилинган «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори бугун юртдошларимиз қалбидаги баҳорий ҳарорат, олам-олам сурур ва завққа айни ҳамоҳанг бўлди, десак янглишмаймиз. Негаки, мазкур Қарор халқимизга хос олижаноб фазилатлар, бағрикенглик, меҳр-оқибат, саховат, мурувват, ободлик ва бунёдкорлик каби боқий қадриятларни янада ёрқинроқ тарғиб қилишга, байрам тантаналарини бутун диёримиз бўйлаб халқ сайиллари тарзида нишонлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли ва дилга яқиндир.

Мазкур Қарорга кўра, жойларда халқимизнинг ардоқли байрамида «Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларига кенг ўрин берилаётгани, ўтказилажак тантана ва маросимларда Наврўз қадриятлари, унинг теран фалсафалари чуқур акс этишига алоҳида эътибор қаратилаётгани юртдошларимизни беҳад мамнун этаётгани айни ҳақиқат.

– Бу байрамнинг қадим тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни ниҳоятда беқиёс, – дейди филология фанлари номзоди, фольклоршунос Омонулла Маъдаев. – Жуда кўп манбаларнинг шоҳидлик беришича, Наврўзнинг тарихи қарийб 4 минг йилларга бориб тақалади. Турли даврларда Наврўз байрамига у ё бу даражада аралашувлар бўлган. Биз жуда яхши эслаймиз, Наврўзга энг қўпол тазйиқ шўролар даври сиёсати билан боғлиқ. Собиқ иттифоқ даврида Наврўзни байрам сифатида нишонлаш тақиқлаб қўйилган. Ҳатто, Наврўз байрамини Навбаҳор байрамига алмаштириш керак, қабилидаги таклифлар олға сурилганди…

Дарҳақиқат, Наврўзнинг халқ сайиллари тарзида нишонланишининг жуда теран маъноси, маърифати бор. Бу байрам орқали одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, бир-бирини йўқлаб, эҳтиром ва эъзоз, кўмак кўрсатишдек олижаноб қадриятлар мужассам. Бу жиҳатлар, ҳатто, Наврўз таомларини тайёрлашда ҳам ўз аксини топган. Биргина сумалак ё ҳалим тайёрлаш жараёнини кўз олдингизга келтиринг. Қўни-қўшни, ёр-биродарлар, қариндош-уруғлар бир ерга жам бўлишади, катталар иззатда, кичиклар хизматда. Давра узра ҳаётий гурунглар, куй-қўшиқлар, лапару термалар, аскиялар авжига чиқади, шу баҳона гина-кудуратлар, ҳаёт, рўзғор ташвишлари унутилади. Инсон чинакам инсонлигини англаши, шунга муносиб яшаши учун бундан ҳам ортиқ руҳий ва маънавий тарбия бўлиши мумкинми, аслида?

– Наврўзни халқ сайли тарзида нишонланиши халқимиз кайфияти ва бу азалий байрам моҳиятига тўла ҳамоҳангдир, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодир Аҳмедов. – Вилоятимизда мазкур шодиёналарга тайёргарлик кўриш асносида мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бизда қадимдан «Майдон томошаси» деган тушунча бор. Яъни, анъанавий саҳналардан фарқли равишда боғ ва хиёбонлар, қир ва адирларда қизиқчилар, халқ театри вакиллари, дорбозлар, аскиячилар, халқ ан­самбл­лари чиқишлари бўл­ган. Ҳозирда вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида, қишлоқларимизда бу байрамда бўй кўрсатадиган ўзига хос одат ва анъаналар, фольклор-этнографик ансамбллар мавжуд. Бу галги байрамда уларни кенг тарғиб этиш, халқимизга кўрсатиш билан бирга, фаолиятининг ривожланиши ва сайқал топишига катта эътибор қаратаяпмиз. Шу мақсадда, байрамни ташкил этиш концепциясидан келиб чиққан ҳолда, пойтахтимизда бўлиб ўтадиган катта халқ сайилларида вилоятимиз учун ажратиладиган нуқталарда миллий урф-одат, анъаналаримиз, қадимий ҳудудларимизга хос осориатиқаларимиз, шунингдек, вилоятимизнинг бебаҳо табиати, диққатга сазовор жойлари, баҳорий тансиқ таомларини ўзида акс эттирган бадиий композицион дастурлар билан қатнашиш ниятидамиз. Умуман, бундай катта қамровли томошалар барча туманларимизда бўлиб ўтадиган тантаналарда ҳам ўз аксини топади. Шунингдек, байрамни хуш кайфиятда, тинчлик-осойишталик муҳитида, турфа хавф-хатарлардан ҳоли тарзда нишонлаш бўйича ҳам тегишли давлат ва жамоат идоралари билан ҳамкорликда жуда катта ташкилий-тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.

Вилоятда Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тузилган ташкилий қўмитадан маълум қилишларича, айни пайтда жойлардаги 1000 дан ортиқ маҳаллаларда, зиёратгоҳ ва қадамжоларда, йўл ва хиёбонларда катта ҳажмда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари авжида. Туман ва шаҳарларда 10 миллион тупдан кўпроқ мевали ва манзарали дарахтлар экиш бўйича манзилли режа ишлаб чиқилиб, ижросига киришилган.

Таълим муассасаларида «Баҳор – уйғониш фасли», «Наврўз – яшариш ва янгиланиш байрами» мавзуларида иншолар танлови, «Энг яхши китобхон», «Энг кўп шеър ёдлаган ўқувчи», «Энг яхши адабиёт мухлиси» каби кўриклар ўтказиш, ғолибларни муносиб тақдирлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, барча ҳудудларда «Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, шоир ва ёзувчилар, зиё­лилар, эл ардоғидаги санъат усталари билан учрашув ва мулоқотлар ташкил этилади.

– Байрам кунлари меҳру мурувват кўрсатиш каби хал­қимизга хос олижаноб фазилатлар бутун бўй-басти билан намоён бўлади, – дейди вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Насиба Кулбекова. – Вилоятимиздаги кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамжиҳатлигида байрам арафасида 8 минг 583 та кам таъминланган оила, 1 минг 555 нафар якка-ёлғиз қарияга манзилли моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, 30 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш ниятидамиз. 361 нафар оғир шароитда яшаётган хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Айни пайтда, уларга ижтимоий мадад кўрсатиш бўйича кўплаб корхона ва ташкилотлар жамоалари таклиф ва ташаббуслар билан чиқишаяпти. Бундан ташқари, 2 та «Меҳрибонлик уйи»­да, 14 та мактаб-интернатда, шунингдек, «Саховат» ва «Мурувват» уйларида байрам дастурхонлари ёзилади, сов­­ғалар улашилади.

Наврўз – ўзига хос бунёдкорлик палласи ҳамдир. Тўйга тўёна билан, деганларидек, вилоятимиз аҳли катта байрамни муносиб туҳфалар билан қарши олишга ошиқаяпти. Байрам кунлари вилоятда 153 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти фойдаланишга топширилади, ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан, жами 22 та китоб дўкони фаолият бошлайди. Дастлабки ҳи­соб-китобларга кўра, бу билан жойларда 2 минг 139 та янги иш ўрни вужудга келади.

– Юртимизга байрамлар ярашади, – дейди Нурафшон шаҳридаги Муқимий номли маҳалла оқсоқоли, меҳнат фахрийси Жўра ота Аҳмадқулов. – Ҳар сафар ана шундай тўю тантаналар бўл­ганда, кўнглим сурурга тўлади, этим жимирлаб кетади. Қандай осуда ва фаровон юртда яшаётганимиз, нимаик­и бўлса, ҳаммаси инсон манфаатлари, унинг эркин ва фаровон турмуши учун қилинаётганидан ғурурланиб кетаман. Кўзлари чақнаб турадиган, мустақил юртнинг толеи баланд, ўктам ёшларини кўрганда, яна бир яйрайди одам. Бундай байрамлар, аввало, юртимиздаги тинчликнинг, Юртбошимиз оқилона сиёсатининг самараси-да, ахир. Бу шунчаки ҳавойи гап эмас. Ҳозир дунёда нималар бўлаяпти, бир ўйлаб кўрайлик. Жаннатмонанд юртда яшаяпмиз. Шундай экан, дуойи фотиҳага қўл очиб, аввало, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликка кўз тегмасин, дея ният қилайлик.

Наврўз – элимизда обод­лик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади.

Алишер РАҲМАТОВ

2018-03-01T18:56:38+00:00