«БАҲОР – ҚЎШИҚ, ТАВАЛЛУД ФАСЛИ…»

Яна бугун баҳорга зорман,

Ўз баҳорим каби шошқалоқ.

Яна бугун баҳорга зорман,

Кутавериб дил бўлди қадоқ.

Ушбу шеър муаллифи кўкламни қанчалар интиқ кутганини, тошқин туйғуларга лиммо-лим қалби баҳорга нақадар мафтунлигини илк сатрларданоқ яққол англаш мумкин. Чучук тилли жилғалар қўшиғи, майсалар рақси, шаббодалар шивири, ёмғирлар шитири, лолалар гулханию олчалар алангаси, хуллас, баҳорнинг бор чиройи Зулфияхоним шеъриятида бўртиқ ифода топган. Юқо­ридаги сатрлар давомидаги «Баҳор – қўшиқ, таваллуд фасли», дея бошланувчи мисрада шоира ҳамалнинг биринчи кунида дунёга келганига ишора бордек.

Ҳа, Зулфияхоним кўкламни ҳамиша ўзгача меҳр билан куйлаб яшади. Кексалик бошга қиров сочганда ҳам юраги баҳор завқидан бенасиб урмади. Дераза олдида оппоқ бўлиб гуллаган бир туп ўрик ўсмирликдаги покиза муҳаббатни, бахт ва шодлик куйчиси – Ҳамид Олимжонни ҳар гал сўроқлаб келганида соғинчларини шеърга жойлади. Кўнглига адабиётдан таскин излади. Халқини сева-сева бойиб кетган шоира ўзбекнинг бахтиёр Зулфиясига айланди. Нафақат шоира, балки чинакам зиёли инсон, меҳрибон устоз, дарёдил раҳбар, садоқатли ёр, мўътабар она сифатида ҳам элимизнинг эъзозига муносиб яшади.

Зулфияхоним халқимизнинг ардоқли  фарзанди бў­либ дунё кезди. Неча минг йиллик санъат бешиги саналган Ҳинд диёри, Осиё давлатлари, Африка мамлакатлари ижод аҳли Зулфия сиймосида жам бўлган ўзбекона сийратга, истеъдодга ҳайрату ҳавас билан боқди. Айни дамда  хаёлимиз қамровига аранг сиғадиган узоқ-узоқлардаги ҳудудларда ўзбек адабиётига эҳтиром билан қарайдиган некбин кишилар сони ортиб бораётганида Зулфияхонимнинг ҳам катта хизматлари бор. Эртанги кунга дадил қадамлар билан бораётган юртимиз қизларига ҳар жиҳатдан ибрат сифатида ҳам Зулфияхонимни кўр­сатамиз. Шоира шу тариқа халқимизнинг жон-жонига сингиб кетгани қанчалар буюк бахт!

Бугун пойтахтимиздаги Миллий боғ бағрида қад ростлаган Адиблар хиёбонини кезсангиз, не-не улуғ ижодкорлар қаторида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимга ҳам юксак эҳтиром кўрсатилганини кўриб, кўнглингиз ёруғ тортади. Эртага – баҳорнинг илк тонгида ушбу манзил шеърият шайдолари, Зулфия­хоним издошлари, ижодкор зиёлилар билан яна гавжум бўлади. Шоира пойига гуллар қўйилади, Зулфия ёзганидек: «Жўшқин мушоира этади давом!»

Шунингдек, Жиззах шаҳрида бунёд этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги ижод мактабида адабиёт муҳибларига яратилган шароитларни кузатиб, навқирон ўғил-қизлар – чинакам истеъдодлар оташин шеърлар ўқиётганини тинглаб, эртанги нурафшон истиқбол аниқ-тиниқ кўз ўнгингизда намоён бўлади. Шундай фараҳли кунларни орзулаб, адабиёт бўстони янада гуллаб-яшнашини кўзлаб Зулфияхоним: «Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали» дея ёзган эди. На­фақат замин боғларию шеърият чамани, балки бутун коинот гулга бурканишини истаган шоира халқимиз қалбида тоабад эҳтиром гулчамбарига кўмилиб яшайди.

 

Шундай гўзал баҳорнинг гули,

Ундан гўзал биз ўсган ҳаёт.

Гул тутади ҳур инсон қўли,

Гулга тўлган бутун коинот!

Шоира БОЗОРОВА,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-01T18:19:37+00:00