Бутун вилоятимиз бўйлаб ўтказилган «Президент арчаси» шодиёналари, Янги йил тантаналари ҳаммамизга, айниқса, болажонларга олам-олам қувонч бағишлади. …Чирчиқ шаҳридаги «Кимёгарлар» саройи байрамона безатилган. Бу ерга вилоятимиздаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимлари фарзандлари таклиф этилди.
Байрам шодиёнаси бошланди. Рангин чироқларга бурканган арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, ялмоғиз каби турли эртак қаҳрамонлари пайдо бўлди. Саройда намойиш этилган турли томошалар, ҳазил-мутойибалар йиғилганлар кайфияту руҳиятини кўтарди. Ижро этилган куй-қўшиқлар, театрлаштирилган томошалар рақсларга уланиб кетди.
Тадбирда мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, таълим-тарбия олиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилгани, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётгани алоҳида таъкидланди.
Тантананинг азиз меҳмонлари – жажжи ўғил-қизларимизга ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат Президент совғаларини вилоятимиз ҳокими вазифасини бажарувчи ўуломжон Ибрагимов топширди.
– Янги йил байрамини нимагадир бошқача яхши кўраман, – дейди Чирчиқ шаҳридаги 14-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Чарос Йўлдошева. – Арча атрофида маза қилиб ўйнаймиз, қўшиқлар айтамиз. Энг асосийси, Президентимизнинг бизга аталган совғаларини оламиз.
«Президент арчаси» тадбирининг ранг-баранг дастури, бир-биридан қизиқ томошалари мурғак кўнгилларга унутилмас лаҳзалар ҳадя этди, дейиш мумкин.
– Бу каби тадбирлар бола руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади, – дейди Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйи тарбиячиси Озода Каримова. – Доимий эътибор ва ғамхўрликда эканини ҳис этади. Бу ҳолат уларни янада яхши ўқишига, ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Холмурод САЛИМОВ,
«Тошкент ҳақиқати» мухбири.