Бир вақтлар вилоят ижодкорлари ўртасида “Ағай” дея яхши танилган қадрли устозим, раҳматли Раҳим оға Довутбековни эслаганда, халқнинг “Яхшилик қил, дарёга ташла, билса холиқ, билмаса балиқ”, деган гапи ёдимда тушди. Негаки, бу нақл айнан лавҳамиз қаҳрамонига тааллуқлидек. Ҳаётда, замондошлари ва шогирдлари қалбида ўчмас из қолдира олган устозимиз болалиги бол тотган онглариданоқ халқ хизматида бўлган.
Сўлим Янгибозор фарзанди Раҳим оға меҳнат фаолиятини урушдан аввалги йиллар болалар оромгоҳи етакчилигидан бошлаган эди. Ватанга, халққа садоқати боис, йигит чоғида ишлаб турган гулдек юмушини ташлаб, уруш жанггоҳларига отланади. Окопларда чанг ютиб, ўқлар ёмғири остида қолиб, қурол қучоқлаган дамларида ҳам ижод қилган, ўланлар ёзган.
Жанггоҳлардан ғалаба билан қайтган “Ағай” яна ўз умрини маънавий-маърифий ишлар билан боғлайди. Суяги ҳукумат идораларидаги машаққатли меҳнат жараёнларида қотган заҳматкаш инсон 1969 йилда ўша кезлардаги “Олға”, кейинчалик “Суръат” деб аталган, ҳозирда “Юқори Чирчиқ ҳаёти” номи билан чоп этилаётган газетага муҳаррир бўлиб келади. Деярли умрининг охирига қадар мана шу мўътабар минбардан сўз айтади. Ўнлаб шогирдлар етиштирди.
Дарвоқе, ёш улғайган сари кўнгил деганлари биллур шишадек серсадо бўлиб бораверар экан. Салгина тегиб кетсанг, ўзидан ғайритабиий сас таратади. Устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Раҳим оға Довутбеков ҳақидаги мўъжазгина ёдноманинг ибтидосидаёқ дилимда ана шундай ҳодиса рўй берди. Эсимни таниб, қоғоз қиртишлай бошлаганимдан бери қалбимнинг бебаҳо гавҳарига айланган у зотнинг порлоқ хотираси каминани ўтмишга сайр қилдириб, киприкларимни намлади. Алҳол, кўнгил торлари чертилди. Билмадим, бу соғинчми ёки армон? Ҳар не бўлганда ҳам шунга ўхшаш қандайдир бир туйғу каминани хотира сандиғини титкилашга ундади ва байрам баҳона жойи жаннатдан бўлгур “Ағай”нинг руҳи покларига ҳамиша кўнгил кўшкидасиз устоз, дея изҳори дил қилгим келади.
Жамолиддин АБДИЕВ,
“Юқори Чирчиқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири
СУРАТДА: Р. Довутбеков.