БОҒИМДА НАСТАРИН БОР…

Ўз ижоди билан минг-минглаб кўнгилларни мафтун этган шоирларимиз кўп. Улар орасида оҳангаронлик серқирра ижодкор ­Барот Исроилнинг ҳам ўз ўрни бор. Айниқса, шоирнинг қўшиққа айланган шеърларини кўпчилик ёддан билади.

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор.

Настарин гули майда,

Бундай гул бордир қайда?

Ҳар шохи бир гулдаста,

Атрига дил пайваста.

Жимжимадор гуллари,

Ўйнашар боғ еллари…

Бу шеър парчасига кўзингиз тушиши билан, қулоғингизга ёқимли бир куй, ширали овоз эшитилгандай бўлди, тўғрими? Ёки бўлмаса мана бу сатрларни ўқинг-а:

Дарбадар кезмаса ким юрт қадрин билмас эмиш,

Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас эмиш.

Тома-тома кўл бўлур деганлари рост экан,

То умрбод уқмаса ким ақли ҳам тўлмас эмиш…

Бу қўшиқни ҳам бир бора эшитган киши унинг сўзларию, ёқимли мусиқасини ёди­га муҳрлаши аниқ. Зеро, ундан юрт қадри, Ватан меҳри уфуриб туради. Барот Исроилнинг ёрқин истеъдодини илк шеърий тўпламларидан пайқаган Ўзбекистон халқ шоири Миртемир: «Барот асли деҳқон ўғли, тинимсиз изланиш, интилишлари натижаси ўлароқ, бу қатралар (шеърлар)дан кейин жўшқин ирмоқлар кутишга ҳақлимиз», дея унга «оқ йўл» тилаган экан. Шундан буён, қарийб ярим аср вақт ўтди. Навқирон Барот Исроил ижоди етилиб, жўш­қин дарё каби тўлиб-тошди. Энди отахон шоир умрнинг тўрт фаслидан сўзлагувчи дилтортар шеърлари, ҳикоя ва қиссалари, достону тарихий асарлари, роман-эсселари билан устозлик сабоғини бериб келмоқда. Яқинда ижодкорнинг беш жилдлик танланган асарларининг тўртинчи «Шошкентим – Тошкентим» номли китоби нашр этилди. Бунгача «Маҳлиёлик», «Кўнгил меҳригиёҳи», «Онаизор» жилдлари чоп этилган бўлиб, улардаги ҳар бир шеър, ҳикоя, достонлардан бамисоли муқаддас она ер ифори анқиб тургандек.

Жумладан, «Кўнгил меҳригиёҳи» номли иккинчи китобидаги болаларга аталган «Келинчак тош», «Чуғурчуқ билан чигиртка жанги», «Тилсиз ёв», «Най навоси», «Жар ёқасида», «Эр ва шер», «Балиқ бўлган қиз», «Алишернинг ширин тили» (А. Навоийнинг болалиги ҳақида) каби эртак ва достонлари, «Ҳастимом» (Қаффол Шоший), «Шошлик валий» (Ҳожа Аҳрор) каби алломаларимиз ҳаёти ҳақидаги тарихий асарларини мухлислар катта қизиқиш билан қабул қилишган. Айниқса, «Малҳам ўсимликлар» туркумидаги шеърлари нафақат болалар, балки тиббиёт ходимлари, гиёҳшунос олимлар томонидан ҳам эътироф этилган.

«Муҳаррир» нашриётида чоп этилган «Шошкентим – Тошкентим» номли тўртинчи китобида ҳам қадим Шошда яшаб ижод қилган тарихий шахслар – Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад аш-Шоший, Абу Раби Тоҳир ибн Абдуллоҳ ал-Ийлоқий, Абу Саид Хайсам ибн Қулайб аш-Шоший Бинкатий, Бадриддин Чочий, Мирза Муҳаммад Ҳайдар каби бобокалон шоирлар ҳақидаги маълумотлар ва улар ижодидан намуналар келтирилади.

Аҳамиятлиси, мазкур рисоладаги муаллифнинг сўнг­ги йилларда ёзган шеър­лари, қўшиқлари, «Умрим ҳикматлари» номли тўртликлари китобхоннинг ҳаёт ҳақидаги мушоҳадаларини кенгайтириб, дунё тилсимларини кексалик доноликлари билан бир-бир оча боради. «Қам­чиқ довонининг кумуш белбоғи» достони эса, дориламон кунлар хосияти ҳақида ҳикоя қилади.

Мухтасар айтганда, лотин ёзувидаги «Шошкентим – Тошкентим» дея номланган турфа мавзудаги қизиқарли шеър, ривоят, ҳикоя, эртаклару достонларга бой янги рисола ўз ўқувчилари, мухлисларини хушнуд этиши шубҳасиз.

Сайёра РИХСИЕВА,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-21T19:20:43+00:00