Ангрен шаҳрининг Янгиобод ҳудудида жойлашган “Шамшод” мажмуасида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан журналистлар, блогерлар ва соҳа вакиллари учун медиа-тур ва байрам тадбири ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилган маросимда мамлакатимиз ва вилоятимиз оммавий ахборот воситаларида ўз шарафли касбини ардоқлаб меҳнат қилаётган ижодкорлар, газета ва журналлар, телерадиоканаллар фидойилари, соҳа фахрийлари ва ёшлар иштирок этишди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаломов соҳа ходимларини касб байрамлари билан самимий муборакбод этиб, Президентимиз томонидан олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар бўйича вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини хабардор қилишни янада кучайтириш кераклиги хусусида тўхталди. Жумладан, йилдан-йилга вилоятга инвестиция киритиш миқдори ўсиб бораётгани, ҳозирда шаҳар ва туманларда 70 трлн. сўм миқдоридаги 1 минг 221 та лойиҳа амалга оширилаётгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга юқорилигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Сайфиддин Низомов ҳозирги пандемия шароитида регионда ички туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни кенг ёритиш, яшил ҳудудлардаги дам олиш масканларига сайёҳларни жалб этишда ҳам журналист ва блогерларнинг иштироки зарурлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, ҳақиқий журналистнинг меҳнати оғир ва машаққатлидир. Шу ўринда Президентимиз раҳбарлигида бошланган жуда катта кўламли ислоҳотлар, шиддаткор янгиланиш ва юксалиш жараёнларининг моҳиятини халқимизга етказиш, одамларда мана шу ўзгаришларга дахлдорлик туйғуларини уйғотиш ва шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Шуни чуқур англаган ҳолда, давлатимиз раҳбари ўзларининг деярли ҳар бир чиқишларида журналистларимизни жамият ҳаётида фаол бўлишга, ҳар бир масалада холис ва ҳозиржавоб фикр юритишга, ютуқларимиз билан бир қаторда жойлардаги мавжуд камчилик ва муаммоларни рўй-рост кўрсатиб, уларни бартараф этишда самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга, бир сўз билан айтганда, ҳаётимизнинг том маънодаги кўзгуси бўлишга даъват этадилар.
– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ҳар йили сана муносабати билан соҳа ходимларига йўллайдиган табригида бизни янада ҳозиржавоб, тезкор ва фаол бўлишга руҳлантирадилар, – дейди вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева. – Кечаги табрикда ҳам: “Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт”, дея бизларга жуда катта ишонч билдириб, масъулият юкладилар. Эндиги вазифамиз ана шу ишонч ва масъулиятни меҳнатимиз билан оқлашдир.
Маросимда республика ва вилоят босма оммавий ахборот воситалари, ҳудудий нашрларда меҳнат қилаётган касб фидойилари, журналист ва блогерлар ҳамда соҳа фахрийларига турли номинациялар бўйича вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, махсус статуэтка ва эсдалик совғалари топширилди.
Кумуш САЛОМОВА
/Тошкент ҳақиқати/
Аброр ЭСОНОВ олган сурат