БУ АЖИБ ДУНЁ

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Ирина Щурнинг 60 дан ортиқ фотосуратлардан ташкил топган “Бу ажиб дунё” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Экспозициядан ижодкорнинг мамлакатимиз, шунингдек, Германия, Франция, Италия, Португалия, Финляндия, Швейцария, Латвия каби давлатларда бўлганида объективга муҳрлаган фотосуратлари ўрин олган. Фотосуратлардаги йилнинг турли фасллари, иқлим ўзгаришлари акс этган сою дарёлар, сервиқор тоғлар, қир-адирларнинг кўринишлари томошабинларга завқ бағишлаб, уларни мушоҳадага чорлайди.
Кўргазмада Тошкент вилоятининг гўзал табиати манзаралари акс этган суратларга ҳам кенг ўрин берилган. Хусусан, “Нанай”, “Чорвоқда куз”, “Майдонтолда қиш”, “Сирдарё”, “Сўқоққа йўл”, “Ангренга йўл” каби фотосуратлар шулар жумласидандир.
Ирина Щур “Дунё халқлари санъати” Халқаро уюшмасининг магистранти, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Кўргазма 3 июлгача давом этади.

Ҳасан АБДУНАЗАРОВ

2020-07-02T17:43:38+00:00