БУГУННИНГ ҲАРАКАТИ – ЭРТАНИНГ БАРАКАСИ

Ўрта Чирчиқ туманидаги «Шаҳбоз агро барака» фермер хўжалиги жамоаси саъй-ҳаракати билан бир пайтлар қаровсиз, ташландиқ бўлган ер бугун боғу бўстонга айланди.

– Ерни олганимиздан сўнг уч минг тупдан ортиқ олма, беҳи ва олхўри каби мева кўчатларини экдик, – дейди мазкур фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Пирматов. – Бу жараён осон кечмади. Чунки, ер бизга берилган вақтда қамишзорлардан, паст-баландликлардан иборат эди.

Дарҳақиқат, мазкур хўжалик даласида бехато кўкарган кўчатларни кўриб, кўз қувонади. Айни кунларда боғда иш қизғин. Сабаби, дарахтлар қиш уй­қусидан уйғонмасидан олдин уларнинг ортиқча шохларини кесиб, шакл бериш керак.

– Олмаларнинг ортиқча шохини қирқиб ташлашнинг фойдаси катта, – дейди фермернинг отаси Абдутолиб Пирматов. – Хусусан, бу билан шохлар орасидан ҳаво ўтиши яхшиланади. Агар улар ўсиб кетиб, ҳаво айланиб турмаса, касалликлар кўпа­йиб кетади. Бундан таш­қари, бу жараённинг ўз вақтида ва тўғри ташкил қилиниши мевалар катта-катта бўлишини, ҳосилдорлик ошишини таъминлайди. Шу сабабдан, шакл бериш жараёнини ҳеч кимга ишонмай, ўзим бажараман.

Боғдаги дарахтларнинг таги аллақачон ағдарилиб, минерал ўғитлари бериб бўлинган. Оралиқ ерларга саримсоқпиёз, пиёз ва исмалоқ каби сабзавотлар экилган. Фермер боғда бўш жой қолдирмоқчи эмас. Бошқача айт­ганда, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишни мақсад қилган.

– Юртимизда, хусусан, вилоятимизда ҳам кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этишга эътибор кучайган, – дейди Иброҳим Пирматов. – Берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳаракатидамиз. Қўшимча ер олиб, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик ва балиқчилик тармоқлари ривожига ҳам ҳисса қўш­моқчимиз. Албатта, бу орқали яна бир қанча янги иш ўринлари яратилади.

Зуҳриддин РАҲМОНОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-01T18:52:39+00:00