ДАРОМАД ДЕКЛАРАЦИЯСИНИ ТОПШИРДИНГИЗМИ?

Бўка туманида вилоят давлат солиқ бош­қармаси ташаббуси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва янгиликлар ҳамда жисмоний шахс­лар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш мавзуига бағишланган тадбир ўтказилди.

«Жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий асослари» деб номланган ушбу тадбирда  мазкур бошқарма ва ҳудудий  солиқ инспекциялари масъул ходимлари, солиқ тўловчи жисмоний шахс­лар, тадбиркорлик субъект­лари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прог­нози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаш борасидаги ишлар атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбарининг ахбороти тингланиб, сектор ходимлари олдида турган навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 167-моддасига мувофиқ, солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тў­ловчилари ҳисобланади. Солиқ тўловчи жисмоний шахс асосий бўлмаган иш жойидан, яъни меҳнатга ҳақ тўлаш, мулкий, моддий наф тарзидаги даромадлар ёки бошқа манбалардан қўшимча даромад олган ҳолларда ушбу даромад тўғрисида декларация тақдим этилади.

Соҳага оид шу каби масалалар ҳақида фикр алмашилган тадбир давомида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга  атрофлича жавоб олишди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг бош­қа шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Юлдузхон МУҲИДДИНОВА,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-21T15:48:18+00:00