ДАРС ҚИРҚ БЕШ ДАҚИҚА ДАВОМ ЭТАДИ

бироқ унинг маърифати умрга татийди

Маърифатпарвар боболаримиздан бири: «Дунё иморатлари ичида энг улуғи – мактабдир», деган экан. Дар­ҳақиқат, илм, маърифат дунёни дунё, инсонни инсон қилиб турган, қадру баҳосини ҳеч нарса билан ўлчаб, тенглаб бўлмайдиган маънавий хазинадир.

Қувонарлиси, бугун юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича хайрли қадамлар ташланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тизимга дахлдор қатор фармон ва қарорларининг қабул қилиниши таълим сифатини жаҳон андозаларига мувофиқ янги, илғор босқичга кўтариш, соҳа фидойилари меҳнатини муносиб баҳолашга қаратилганлиги билан ниҳоят­да аҳамиятлидир.

Соҳадаги ҳаётбахш ислоҳотлар ҳавоси вилоятимиздаги 870 га яқин умумий ўрта таълим муассасаларига ҳам кириб бормоқда. Бу борадаги ишлар, кўламли дастурлар, навбатдаги мақсад ва вазифалар ҳақида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов қуйидагиларни гапириб берди.

– Аввало, вилоят халқ таълими тизимида кейинги пайтлар бир мунча ижобий ўзгаришлар рўй бергани, таълим-тарбия сифати бўйича рейтинг кўрсаткичимиз республикада ­8-ўриндан 5-ўринга кўтарилганини алоҳида таъкидлашни истардим, – дейди Ш. Бур­хонов. – Бу кўрсаткич жуда қониқарли бўлмаса ҳам, олдинга интилиш бўлганининг тасдиғи, дейиш мумкин. Бунда қайси жиҳатларга эътибор қаратаяпмиз?

Дастлаб, вилоятимиздаги 93 та таъмирталаб мактабларни қайта хатловдан ўтказдик. Уларнинг 40 тасини 2018 йилдаги инвестиция дастурига киритиш учун ҳужжатлар тайёр­ланиб, ҳокимликнинг тегишли котибиятларига тақдим қилинди. Бундан ташқари, яна 38 та таълим муассасаларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилмоқда.

Президентимиз вилоятимизга қилган ташрифлари чоғида алоҳида тўхталган Бўка туманидаги 7-умумтаълим мак­табининг филиали ҳолати ўр­ганилиб, 96 ўринли янги бино қуриш юзасидан инвес­тиция дастурига таклиф берилди. Дастурга киритилган муассасалар ўз вақтида қурилиши, таъмирланиши назоратга олинди. Улардан бири Оққўрғон туманидаги 11-умумтаълим мактаби январь ойида очилди.

Ўрганишлар натижасида, ви­лоятимиздаги мавжуд таълим муассасаларидан 165 тасида кимё, биология, физика фанлари бўйича ўқув лаборатория жиҳозлари етишмаслиги, 163 та мактаб компьютер синфлари билан таъминланмагани аниқланди. Бу камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилиб, керакли маблағ ҳисоблаб чиқилди ва Халқ таълими вазирлигига тақдим этилди.

Қайд этиш зарурки, мактабларимизда ўқув жараёни ва таълим сифатини ошириш учун кадрлар салоҳияти муҳим аҳамият­га эга. Аввало, мактаб раҳбарларининг таълим сифатини яхшилаш бўйича масъулия­тини ошириш мақсадида Чирчиқ давлат педагогика инс­титути ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг 3-12 январь кунлари «Халқ таълими тизимида фаолият юритаётган умумий ўрта таълим мактаблари директорлари учун замонавий таълим тизимида бошқарув сифатини кучайтириш» мавзуида қисқа муддатли малака ошириш курс­лари ташкил этилди. Ушбу инс­титутнинг махсус сирт­қи бўлимига 2017 йилда 673 нафар ўқитувчилар қабул қилингани айни муддао бўлди.

Ўйлаймизки, қабул квоталарининг бундай ҳажмда оширилиши шарофати билан вилоятимиз таълим муассасаларида педагог кадрларга бўлган эҳтиёж тез орада қопланади.

Ўқитувчилар малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида ўтказилаётган семинардан яна бири Ангрен шаҳридаги таянч мактабларида «Фанларнинг ўқитилишида инновацион методлардан фойдаланиш» мавзуида ташкил этилди.

Ҳозирги кунда мактабларимизда, касб-ҳунар коллежларида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти ёшларимизнинг жамиятда ўз ўрнини, иш жойини топишларида муҳим аҳамиятга эга. Чирчиқ шаҳрида ўтказилган «Умумтаълим мактабларида ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш ва дарс жараёнини ўтказиш» мавзуидаги семинарда шундай маж­муалар ташкил этган 96 та касб-ҳунар коллежи ва 17 та мактабларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Шу ўринда таъкидлаш ­жоизки, таълим-тарбия сифати, самарадорлиги ўқувчилар униб-ўсаётган оилавий муҳитга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ота-оналар фарзандлари учун қулай шароит яратишлари зарур.

Вилоятимиздаги барча умумтаълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳам доимий эътиборимизда. Вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва шаҳар-туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда Президентимизнинг китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тар­ғиб қилишга оид Қарори ижроси доирасида ҳамда ви­лоят ҳокимлиги қарори асосида тизимли тадбирлар ўтказилиши, ҳар бир мактабда «Китобхонлик клублари» ташкил этилиши яхши анъанага айланди.

Тадбирларда энг яхши китобхон мактаб, шаҳар, туманлар аниқланиб, уларнинг рағбатлантирилиши китобсевар ёшлар, оилалар сафининг янада кенгайишига хизмат қилиши шубҳасиз. Китобхон ёшлар эса ҳеч қачон жиноятга йўл қўймайди.

– Халқимиз ҳамиша устоз-мураббийларга эҳтиром кўр­сатган, эъзозлаган. Мактабларимизда таълим-тарбия сифатининг кўтарилиши, фарзандларимиз баркамол инсон бўлиб вояга етишларида ўқи­тувчи меҳнати, фидокорлиги беқиёс ўрин тутади. Шу маънода, вилоятимизда соҳа ходимлари меҳнатини муносиб қадрлаш борасидаги ташаббусларни алоҳида таъкидлашни истардим, – деди суҳбат пировардида Шукур Бурхонов. – Қувонарлиси, ўқитувчиларимизнинг маиший турмуш шароитлари, уй-жой таъминотини яхшилаш борасида вилоятимизда амалий қадамлар ташланаяпти. Хусусан, жойларда барпо этилаётган арзон уй-жойлардан фидойи, эҳтиёжманд педагогларга ажратилиши ҳақидаги янгилик ўқитувчи ва мураббийларимизни беҳад қувонтириб юборди.

Вилоятимиз иқтидорларга бой. Хабарингиз бор, икки нафар мактаб ўқувчиси бўлган қизимиз бу йил Президентимиз қўлидан Зулфия номидаги давлат мукофотини қабул қилиб олди.

Дарвоқе, куни кеча мазкур юксак мукофотга сазовор бўлган икки қизимиз – Бекобод туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Мухтасар Каримова ҳамда Чирчиқ шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Ирода Умирзоқова таҳсил олаётган даргоҳда бўлиб, совриндор қизларимизни юксак мукофот билан қутлаб, ви­лоят ҳокимлиги ва бошқармамиз томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар тортиқ этдик.

Халқаро фан олимпиадалари, спорт турнирларида яхши натижа қайд этаётган ёшларимиз сафи ҳам кенгайиб бо­раяпти. Аминмизки, бу ҳали бошланиши. Ўз ишимизга фидойилик масъулия­ти билан ёндошсак, бундай ютуқларимиз ҳали бардавом бўлади.

«Тошкент ҳақиқати» мухбири Сайёра РИХСИЕВА
ёзиб олди.

 

2018-03-21T16:16:51+00:00