ЭЛ-ЮРТ ХИРМОНИ ЮКСАЛМОҚДА

Инсон ҳаёти учун зарур бўлган неъматлар кўп. Улар ичида энг азизи – нон. Бу неъмат то дастурхонга қўйилгунга қадар бободеҳ­қон ҳузур-ҳаловатни унутиб, даласига боғланиб яшайди.

Айни кунларда вилоятимизнинг уфққа туташ ғаллазорларида етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам нобуд қилмай, йиғиштириб олишга киришилди. Бу жараён Ўрта Чирчиқ туманида ҳам жадаллик билан олиб борилаяпти. Мавсумни тез ва самарали ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кў­рилди. Мавжуд 38 та комбайн аввалдан соз ҳолга келтирилиб, уларга 80 га яқин дон ташувчи техникалар бириктирилди.

Жорий йил тумандаги 367 фермер хўжалиги тасарруфидаги 13 минг 500 гектар ерга ғалланинг асосан «Гром» ва «Бригада» навлари экилган. Эл-юрт хирмонига 40 минг тоннадан ортиқ сара дон етказиб бериш мақсад қилинган.

Туманда ғалла ўримини биринчилардан бошлаган Қорасув ҳудудидаги «Sherzod agro sintez» фермер хўжалиги даласидамиз. Бу ерда ўрим-йиғим қизғин. Юқори унумли комбайн бир маромда ишлаб турибди. Фермер эса ҳосил чўғини чамаламоқда. Уни суҳбатга тортамиз.

– Бу йилги об-ҳаво ҳаммамизни бир оз шошириб қўйгани рост, – дейди фермер Дилмурод Мирзаумаров. – Лекин шунга қарамай, юқори ҳосил олиш учун вақтида зарур чора-тадбирларни кўрдик. Хусусан, далаларимиз шу кунгача уч марта минерал ва икки марта маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилди. Мана, кўриб турганингиздек, машаққатли меҳнатимиз бесамар кетмади. Ғалла майдонимиз 30 гектарни ташкил қилиб, 60 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпмиз.

Зуҳриддин ҚАМБАРОВ

2018-07-31T20:11:15+00:00