ЭЛНИ УЙҒОТГАН ЭЗГУ ТАШАББУС

«Бирлик», «Сут-булоқ», «Тонг юлдузи», «Шалола», «Каналобод» маҳалла фуқаролари йиғинлари Чиноз туманининг энг чекка, қўшни Қозоғистон билан чегарадош ҳудуди саналади. Туман марказига бориб-келиш учун анча-мунча йўлни босиб ўтиш керак.

Ҳовли-жойлар асосан тарқоқ, адирлар устига жойлашган. Бу маҳаллалардаги 3 минг 478 та хонадонда 13 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

– Маҳаллаларимиз чекка ҳудуд бўлгани боис, ечимини кутаётган қатор муаммолар йиғилиб қолганди, – дейди «Тонг юлдузи» МФЙ раиси Абдумутал Умаров. – Очиғи, маҳаллаларимиз кейинги йилларда раҳбарлар эътиборидан четда қолди.

Йўлларни таъмирлаш, газ, электрдаги узилишларни бартараф этиш, ариқ-зовурларни тозалаш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Яширишнинг ҳожати йўқ – бу эътиборсизлик аҳоли ўртасида ҳам боқибеғамлик кайфиятини уй­ғотди. Такасалтанглар кўпайиб кетди. Одамлар, «Бўлса-бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар», тарзида ҳаёт кечира бошлади. Деҳқончилик қилишга ҳам ҳафсаласи қолмади: кўплаб ерлар экилмай, ёввойи ўтларга макон бўлди. Ҳатто ҳовлиларини саранжом-саришта қилишга, яшайдиган уйларини оқлаб-кўклашга ҳам тоқатлари бўлмади. Бинолар, деворлар нураб, қулаб, вайронага айланди. Хуллас, бир ой олдин келганингизда, қишлоқларимизни кўриб, аниқ: «Бу ерда ҳам одамлар яшайдими? Радио эшитадими, телевизор кўрадими, газета ўқийдими? Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорликлардан хабари борми?» дердингиз.

Президентимиз ташаббуси билан «Обод қиш­лоқ» дастурига битта эмас, иккита эмас бешта маҳалла фуқаролар йиғини киритилганини эшитиб, ҳайратландим: «Шунча жойни, хонадонларни обод қилиш мумкинми?» деган гап хаёлимдан ўтди. Бир-иккита ҳамқишлоқларим ҳеч нарсага тушунмай: «Нима бўлар экан ўзи?» деб келди. «Ҳамма қишлоқларимиз обод бўлади!» деган гапимга ишонишмади…

«Обод қишлоқ» дастури ишлаб чиқилди. Ободонлаштириш штаби ташкил қилинди. Қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» тузилди. Ҳамма хонадонлар рўйхатга олиниб, ҳовлидаги иншоотларнинг аҳволи қоғозга туширилди: «Бу хонадонда беш нафар одам яшайди, уч хонали уйи бор, девори қулаган, дарвозаси йўқ, ҳожатхонанинг аҳволи ачинарли ва ҳоказо», деб бажарилиши лозим бўлган юмушлар биттама-битта ёзилди. Йўлларнинг қанчасига шағал тўкиш, қанчасини асфальтлаш, қанчасини текислаш, электр, газ, сув таъминотини яхшилаш учун нима ишлар қилиш лозимлиги батафсил ўрганилди.

Шу тариқа ишлар бошланиб кетди.

Бундан йигирма кунлар аввал қишлоқларимиз аҳолисини ўнлаб оғир юк машиналари, йўл текисловчи, асфальт босадиган, юк кўтарадиган техникаларнинг шовқинидан уйғонди. Ҳаммамиз кўча бошига эснаб чиқиб, кўзларимизни ишқалаб, оғзимиз очилганча қолдик: қурилиш анжомлари юклаган қатор машина ва турли техникалар оқиб кела бошлади. Автобусларда, енгил ва юк машиналарда қурувчилар, пайвандчилар, газ ва чироқ усталари, ҳашарчилар келишди. 17 минг 200 метрлик катта йўлнинг 6 минг 131 метри таъмирланди. Ички кўчаларимизда юриб бўлмасди. 9 минг 730 метрлик кўчаларимиз текисланди, шағал тўкилди. 26 минг 500 метр узунликдаги газ қувурларининг 14 минг 450 метри таъмирланди, қайтадан бўялди. Отам замонидан қолган, чириб, қулашни бошлаган 180 дона симёғочлар замонавий бетон устунлар билан алмаштирилди. Чироқ усталари томонидан 13 минг 672 та хонадон ва жамоат жойларидаги электр жамламалари тўлиқ таъмирланди. 70 та жойда ёритиш ускуналари ўрнатишга киришилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув ташиш машиналари ажратиладиган бўлди…

Қишлоғимиз қисқа вақтда чирой очди. Уларга қўшилиб, одамларимизнинг юзига ҳам қизиллик югурди. Уларда шижоат, кўтаринкилик пайдо бўлди. Уйғонишди ва бажонидил ҳашарчиларга камарбаста бўлишмоқда.

Одамлар бугун яхши яшаши керак

– Президентимизга минг раҳмат! – «Шалола» МФЙда яшовчи 72 ёшни қаршилаган Лариса ая Абдуллаева дуога қўл очди. – Ишлари бошидан ошиб-тошиб ётган бўлса-да, юртим обод бўлсин, одамлар бугун роҳат-фароғатда яшасин, деб шундай ишларга катта эътибор қаратаяптилар.

– Мен одамларни кўп кузатганман! – Лариса ая кулимсираб давом этди. – Кейинги йилларда жуда дангаса бўлиб кетганди. Аниқроғи, «Берсанг ейман, урсанг ўламан»га ўтиб олганди. Мақтанаяпти, деманглару, ўғилларим, келинларим билан қилган ишларимни бир кўринглар.

Ая бизни иссиқхонасига бошлади. Меҳр билан экилган, чаман бўлиб гуллаган қалампир кўчатлари яшнаб турибди.

– Мана шу жойда икки қулочгина ерда деҳқончилик қилгандик, – тушунтиради ҳамроҳимиз. – Қарасак, даромади чакки эмас. Иссиқхона кенгайиб-кенгайиб, ҳозир 20 сотихга етди. Икки марта ҳосил оламиз. Қалампирни териб олгандан ке­йин, кузги помидор экамиз. Ўтган йили 40 миллион сўм даромад қилдик. Бу йил 50 миллионни мўлжал қилиб турибмиз. Ҳамма юмушлар қўлда бажарилади. Оиламиз билан бунча ишни эплолмаймиз. Бекорчихўжаларни ўзим уйига бориб, ҳашарга айтиб келаман. Қўлига бир-икки сўм олади, меҳнатни ҳам қилади. Одамда ҳафсала бўлиши, меҳнатдан қочмаслиги керак. Ҳамма ишни қилса бўлади. Сув йўқ, газ, чироқ ўчиб туради, деган гапларнинг ҳаммаси баҳона. Мана, томчилатиб суғорамиз: ҳеч қанча сув кетмайди. Ўн-ўн беш машина ғўза пўчоғини кўчатлар остига соламиз: ҳам ўғит бўлади, ҳам қишда етарли иссиқликни беради. Одам баҳона эмас, имкон қидириши керак! Мана, қишлоқларимизни кў­ринг, кечаги қиёфасига бугунгиси тўғри келмайди. Қилса бўларкан-ку! Мени хурсанд қилгани, одамларимизда яратишга, яшнатишга иштиёқ уйғонди. Бир нарса қилсам, деган ният пайдо бўлди. Ободонлаштириш ишлари бошлангандан буён, иссиқхонамиздан одам аримай қолди. «Менам шунақа иссиқхона қурсам!» деб беш-олтитаси иш ўргангани келиб кетди. Юртни яшнатаман деган одамнинг, аввало, кўнгли обод бўлади, ўзи яшнайди.

Барака – ҳаракатда…

– Ҳаракатда – барака, деб қўйибди, – қўшни хонадон эгаси Асон Нўмонов суҳбатга қўшилади. – Ҳамма нарса ҳаракатдан бошланади. Хонадонимда саккиз жон яшаймиз. 20 сотихга яқин ҳовли-жойим бор. Ўрик, олма, хурмо, нок, олхўри, анор… ҳамма кўчатдан бор. Кўчатлар орасига картошка, сабзи, пиёз, кўкат – қозонга тушадиган нарса борки, ҳаммасидан экамиз. Бозордан гугурт, чой, туз сотиб оламиз, холос. Мол, от, парранда, қўйларим бор. Ҳатто, гўшт ҳам ўзимиздан чиқади. Нега? Етмишга яқинлаб қолган бўлсам-да, мана шу «агарад»дан чиқмайман, меҳнат қиламан! Оғиз очиб ўтирадиган замон эмас-ку, ҳозир!

Ҳовлимизга ҳам қурувчилар кирди. Ағанаган девор ёки оқланмаган жойни тополмай, ортларига қайтди. Нега? Осмондан чалпак ёғади, деб қараб ўтирмайман – меҳнат қиламан! Одамнинг кўзига бузилган девор ёки қуриган дарахт хунук кўриниши керак! Бунинг хосияти ҳам яхши эмас. Ўтирган уйингни кўчадан биров келиб таъмирлаб, қуриган дарахтни кесиб, молхонангни тозалаб берса – уят! Ғафлат уйқусидан уйғонганимиз рост бўлсин!

– Замондан орқада қолмай десангиз, атрофга боқиш керак экан, – дейди «Тонг юлдузи» маҳалласида жойлашган тикувчилик цехи бошлиғи Жибек Искандарова. – Телевизорда тикувчилик цехи очган бир қизчани кўрсатиб қолди. Кўнглимда: «Қизча қилган ишни мен қилолмайманми?» деган фикр ғимирлади. Банкдан 14 миллион сўм кредит олдим. Мол-қўйларимни таваккалига сотдим. Бор жамғармамни шу ишга сарфладим. Бинойидай бино барпо қилдим. Тикув машиналари, маҳсулотлар сотиб олдим. Ўнимиздаги пахта тозалаш корхонаси билан шартнома туздим. Корхонага зарур бўлган чойшаб ва қоплар, шу билан бирга буюртмалар бўйича миллий кийимлар тикадиган бўлдик. Мана, кўриб турибсизлар, ҳамқишлоқларимиздан 20 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди, чевар деган номга эга бўлди. Ҳали бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. «Чевар бўламан, мениям ишга олинг», деган қиз-жувонлар сероб. Корхонамни кенгайтираман. Эркак ва аёллар учун сартарошхона очаман.

«Бизга ҳам навбат келади»

17-мактабгача тарбия муассасасида ҳашар авжида. Ерлар чопилиб, дарахтлар буталмоқда. Бизни туман мактабгача таълим бўлими ходими Заҳро Маҳмудова қаршилади.

– Ободонлаштиришга ҳисса қў­шаёт­ганимиздан хурсандмиз, – деди у. – Биноларни қўлимиздан келганча тартибга солдик. Гуллар, кўчатлар экдик… Аммо кўриб турибсиз, эскини эплагунча эсингиз кетаркан.

– Асосий биномизнинг томи илма-тешик бўлиб кетган, – дейди боғча мудираси Насиба Исматова куюнчаклик билан. – Ёмғирда чакки ўтади. Қайта ёпиш керак. Дераза, эшиклар очилса ёпилмайди, ёпилса очилмайди. Ёзнинг жазирамасидаги иссиқда, қишнинг қаҳратонидан совуқда ёрилиб, буралиб кетган… Энг ачинарлиси, булар камдек, иситиш тизими буткул ишдан чиққан. Қувурлар тешилиб, ямалавериб, буткул яроқсиз ҳолатга тушган. Қозонхонамиз ҳам шу аҳволда. Ҳаммасини янгилаш керак…

– Қанча бола тарбияланади? – сўраймиз Насибахондан.

– Ҳисобимизда 114 нафар бола бор.

Пол тахталари очилиб кетган хоналарга қадам босамиз: рўйхатдаги 114 нафар боладан 4-5 тасини кўрдик.

– Болаларнинг бори шуми?

– Шароитни кўриб турибсизлар-ку… Шундай бўлгач… – Насибахон ўзини оқлаган бўлди.

– Бу муаммолар ҳақида тегишли мутасаддиларга айтдингизми?

– Ўзлари келиб, кўриб, томни қайта ёпамиз, батарея, эшик-деразаларни янгилаймиз, деб кетишди.

– Кимлар?

– Унисини сўрамабман…

Қишлоқ врачлик пункти бош шифокори Жангалат Дўсимова бошланган кўламли ишлар шарофати билан шифо масканидаги шарт-шароитлар яхшиланишидан умидвор.

– Масканимиз биноси 1989 йилда қурилган. Тиббий техника воситаларимиз, лаборатория ускуналаримиз анча эскирган, замон талабларига жавоб бермайди. Рўйхат бўйича 4 минг 135 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишимиз лозим. Битта мен врач, 9 нафар ҳамшира, 3 нафар ходима қайси бирига бўлинамиз? Туман тиббиёт бирлашмаси билан орамиз 30 километр. Шунча йўл босиб кўплаб аҳолимиз туман марказига қатнайди. Штатлар жадвалимиз бўйича бу ерда яна 4 нафар врач, 4 нафар ҳамшира ишлаши керак, кадр йўқлигини баҳона қилишади. Ишлагани келадиган врачга шароит қилиб берсин – келади! Катта ободонлаштириш амалга оширилаяпти, врачлик пунктига ҳам навбат келиб қолар?

– Албатта, навбат келади! – дедик опага.

… Эшонободдаги бешта маҳалла фуқаролар йиғинида шундайин кенг кўламли ишлар бошланганки, кейинги келганимизда қишлоқларни, янги таъмирланиб, жиҳозланган ижти­моий муассасалар биноларини танимай қолишимиз, шубҳасиз. Асосийси, одамларнинг кайфияти аъло. Улар уйғонган. Кўнгилларида яратиш, яшнатиш иштиёқи барқ урмоқда. Муҳими ҳам шу!

Саид МУҚИМОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-27T16:58:07+00:00