«ЭМАС ОСОН БУ МАЙДОН ИЧРА ТУРМАК…»

Аёлни муқаддас билиш, унга эҳтиром кўрсатиш, ҳаёт бардавомлигининг ёрқин тимсоли бўлмиш қизлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор кўрсатиш  давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир. Атоқли шоира Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис қилингани ҳам айни шу мақсадга қаратилган бўлиб, кўплаб иқтидор эгаларининг кашф этилишига замин яратди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз истеъдодга бой. Гоҳ санъатда, гоҳ адабиётда, гоҳ илмда, гоҳ спортда бўлсин, ҳар куни янги бир талант соҳиби юз очади. Буларнинг бари юртимизда ёшларга қаратилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг мевасидир. Қувонарлиси, улар қаторида ви­лоя­тимизнинг истеъдодли қизлари ҳам талайгина.

Бекобод туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Мухтасар Каримованинг адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани барчамизни тўлқинлантириб юборди.

Зиёли хонадонда тарбия топаётган Мухтасар Каримовада болалигидан бобоси, фахрий журналист Карим­қул Мавлонов каби ижодкор бўлишга ҳавас уйғонди. Шу боисдан ҳам, бошланғич синфда ўқиётган пайтларидаёқ ёзган шеърларини бобосига кўр­сатар ва шеърий санъатларни сидқидилдан ўрганарди. Мухтасарнинг шеърларида беғубор болалик, Ватанга, ота-онага ва табиатга бўл­ган меҳр-муҳаббат болаларча соддалик ва самимийлик билан ифода этилади.

М. Каримованинг дадаси Дилшод Мавлонов – тадбиркор, онаси Машҳура эса туман болалар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайди. Китобсевар, аҳил оиладаги муҳит унда болалигидаёқ адабиётга меҳр уйғотди. Шунинг учун бўлса керак, у ижод гулшанига эрта қадам қўйди. Ундаги қизиқишни сезган бобоси 10 ёшидаёқ «Бекобод овози» газетаси қошидаги «Илҳом» ижодкорлар клубига олиб борди. Бу ерда устозларидан ижод сирларини ўргана бошлади.

Мухтасарнинг илмга, ижодга бўлган интилиши у қатнашган кўрик-танловларда ҳам ўз исботини топди. 2014 йилда «Бадиий нафосат билимдони» танловининг «Ёш журналист ва нотиқ» йўналиши бўйича вилоят ҳамда республика босқичларида ғолибликни қўлга киритди. 2016 йилда «Камалак юлдузлари» Болалар ижодиёти фестивали вилоят босқичининг назм йўналиши бўйича биринчи ўринга сазовор бўлди. 2017 йилда «Энг яхши китобхон ўқувчи» республика кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этди.

Унинг «Ҳаёт қонунлари», «Қуёш», «Ёмғир» каби шеърларида болаларча ўйноқилик ва зийракликни кўриш мумкин. Дастлабки ижод намуналари жамланиб, китобхонлар қўлига текканига ҳам анча бўлди. 2013 йилда «Ғаройиб созанда», 2016 йилда «Та­биат куйчисиман» китоблари чоп этилган. Шунинг­дек, шеърлари «Тонг юлдузи», «Гулхан», «Тошкент ҳақиқати», «Бекобод овози», «Улуғ йўл» сингари нашрларда чоп этиб келинмоқда.

Мухтасар Каримова интилувчан, ўз билимини доимий ўстириб бораётган умидли ёшларимиздан. Шеърият билан бир қаторда публицистика йўналишида ҳам ижод қилади. У жамоатчи мухбир сифатида «Бекобод овози» газетасида тенгдошлари, ҳамқишлоқлари, фидойи инсонлар тўғрисидаги мақолалари билан мунтазам қатнашиб келади. Унинг газета саҳифаларида чоп этилган долзарб мавзулардаги мақолалари ҳам газетхонлар эътиборига тушган.

Ўзининг хушхулқи, одоби, маданияти, изланувчан, интилувчанлиги билан тенгдошларига ибрат бўлиб келаётган Мухтасар Каримова берилган юксак мукофотни келажакда ўз меҳнати ва ижоди билан оқлашига ишонамиз.

Юсуф ЭРГАШЕВ

2018-03-27T18:14:28+00:00