ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЭЛ САОДАТИ

Яратганга ҳамду санолар бўлсинки, жонажон юртимизга, барча мўмин-мусулмонлар қатори сизу бизларга Рамазон ҳайити билан юзлашмоқни насиб айлади. Бир ой давомида ҳам жисмонан, ҳам руҳан чиниқиб, сабр ва шукроналик фазилатларини ўзимизда камол топтириб, бунинг тантанаси ўлароқ, Ийд ал-Фитрни байрам қилмоқдамиз. Президентимиз қарорларига мувофиқ юртдошларимиз бу йилги ҳайитни уч кун нишонлайдилар.

Рамазон ҳайити – катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринки руҳда ўтадиган муборак байрам. Чунки, ушбу кун бутун заминга Аллоҳнинг раҳмати ва фазли мўл-кўл ёғиладиган ажойиб палладир. Шу боис, ҳайитда барчамиз хурсандчилигимизни, ўзаро меҳр-муҳаббатимиз ва саховатимизни ҳар қачонгидан кўпайтиришимиз зарур.

Инсон борки, ўзини бош­қалардан беҳожат ҳис қила олмайди. Шундай экан, бу улуғ кунларда бошқа инсонлардан хабар олиб, муҳтожларга қўлдан келганча ҳам маънан, ҳам моддий кўмак бериб, уларнинг кўнгилларига хурсандчилик ва байрамона кайфият улашиш чин мўминликдандир.

Хабарингиз бор, куни ке­ча, шу улуғ ва саодатли кунларда муҳтарам Юртбошимиз «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахс­ларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзоладилар. Илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақт­да қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 226 нафар фуқаро афв этилди. Бу юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик, олижаноблик ва ўзаро меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак кунларда янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.

Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, Ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб нишонлашимиз жоиз. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.

Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўр­сатиш, бир-бирларимизни байрам билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаш ҳар бир мусулмоннинг энг савобли амали саналади. Динимиз ҳайит кунларида марҳумлар ўтган хонадонларда уч кунлаб бел боғлаб, фотиҳахонлик қилиш, байрам кунларини ўтган мусибатлардан чуқур қайғуга чўмиб ўтказишдан қайтаради.

Аллоҳ таоло Рамазон ҳа­йитини барчамизга муборак қилсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин.

Ҳусниддин ОРТИҚОВ,

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби

2018-07-31T20:04:14+00:00