КАМБАҒАЛЛИК АЙБ ЭМАС, ЛЕКИН…

“Бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак”.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 40 минг 474 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила мавжуд.

Бизнинг Асомиддин исмли амакимиз бўларди, бувамнинг айтишларича эл орасида Асом бува, деб донг таратган бу инсон ишнинг кўзини биладиган, айни пайтда қаттиқ меҳнат қиладиган киши бўлган. Унинг оиласи томорқасидаги деҳқончилик ва шахсий чорвачиликнинг орқасидан бадавлат яшаган. Хонободда биринчи шахсий енгил машинани шу хонадон минган, икки қаватли уй қуришни улар бошлаб беришган, ўзидан орттириб, муҳтожларнинг кори-хайрига ҳам яраган.

Аммо, ҳаётда одил ва тўғрисўз бўлган Асом бува ёрдам сўраб мурожаат қилганларга ўзининг шартини қўйган. Яъни, томорқасига экин экиб ҳосилини кутаётган, оғилидаги қозиғида моли бўлганларгагина ёрдам қилган.

Бунинг акси бўлса, яъни томорқасини қаровсиз, оғилини чорвасиз қолдирганларга рад жавобини берган. У киши “Ким камбағал?”, деган саволга дангалига: “Дангаса, ишёқмас ва ношуд камбағал, бундан кейин ҳам ночор яшайди”, деб жавоб берган экан…

2020 йил 19 июнь куни ўтказилган Олий Мажлис Сенати бешинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева биринчи маротаба Ўзбекистонда рўйхатга олинган 7 миллион 192 минг хонадондан 300 мингдан зиёди (4,1 фоизи) эҳтиёжманд оила экани аниқланганлигини маълум қилди. Сўзида давом этиб, пандемия туфайли кам таъминланган оилалар аҳволи янада мураккаблашгани учун ҳозирда энг камбағаллик даражасида яшаётган ана шу 300 минг оилани вазиятдан чиқариш устида қизғин иш олиб борилаётганлиги ва уларни иш билан таъминлаш ҳамда доимий даромад манбасига эга бўлиши учун барча чоралар кўрилаётганлигини айтди.

Аслида бу борадаги тизимли ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва шу фармон ижроси доирасида давлат раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинганда бошланган эди, десак тўғри бўлади.

Президентимиз бугунги пандемик вазиятда аҳолининг бу қатламига кўмак бериш юзасидан тезкор чоралар кўриш кераклигини эътиборга олган ҳолда, жорий йил 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда бунга алоҳида тўхталиб, янгича ёндашув ва инструментларни қўллаш орқали жорий

йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлашда 8 та асосий йўналишни аниқ кўрсатиб ўтди. Бу йўналишнинг иккинчиси айнан камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш масаласи этиб белгиланди.

Таъкидлаш керакки, бу кўрсатмалар асосида ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш ишлари мутлақо янги кўринишда давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонлари ва ҳукумат қарорлари орқали нафақат аҳоли, балки тадбиркор ва кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чоралар белгиланмоқда. Мазкур ҳужжатлар шу жиҳатдан муҳимки, уларда нафақат камбағалликни қисқартириш, балки камбағалликни баҳолаш ва мезонларини белгилаш, «Истеъмол саватча»сининг минимум миқдорини ишлаб чиқиш вазифалари аниқ қилиб қўйилди.

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Амалдаги кўплаб талаб ва чекловлар қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилмоқда, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда, улар қўллаб-қувватланмоқда, ўзини-ўзи банд қилган шахсларга ҳам қўшимча имтиёзлар яратилмоқда. Масалан, жорий йилнинг 1 июлидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш тартиби янада соддалаштирилди.

Энди ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг фармони билан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати 67 тага кенгайтирилди ва бу йўналишда фаолият олиб бораётган кичик бизнес субъектлари даромад солиғидан озод қилинди. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайдиган бўлди.

Бу имтиёз ва имкониятлардан қанча одам фойдаланиб, манфаатдор бўлаётганлигини тасаввур қилиш учун Олий Мажлис Сенати мажлисида таъкидланган битта рақамни келтириб ўтамиз. Бунинг натижасида ўтган даврда 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди. Пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган бундай хайрли ишлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом эттирилмоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Тошкент вилоятида 40 минг 474 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила мавжуд бўлиб, улар ҳам бундай имкониятлардан четда қолмаяпти. Айни кунларда мазкур оилаларнинг ишсиз аъзоларини иш билан таъминлаш ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида шаҳар ва туманлардаги ижтимоий ночор оилалар «Саховат ва кўмак» умум- халқ ҳаракати доирасида 9 мингдан ортиқ ҳомий ташкилотларга бириктирилди. Пандемия шароитида 49 мингдан зиёд оилага жами 20,5 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, вақтинча ишсиз қолган 68 минг 274 нафар аҳолининг 44,5 мингдан зиёдининг бандлиги таъминланган.

Бундай саъй-ҳаракатлар замирида халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва уларга ҳар жиҳатдан бекаму кўст турмуш тарзини яратишдек эзгу мақсад мужассам. Айни пайтда бу борада Президентимизнинг “Бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак”, деган ақидасига амал қилинмоқда. Масалан, жорий йилда биргина Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кам таъминланган 28 минг хонадонга наслли эчки, 50 минг оилага парранда, 100 мингтасига наслли қуён тарқатиладиган бўлди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча ажратилган 992 миллиард сўм маблағни ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармасидаги 70 миллиард сўм қолдиқни муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берилди. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин…

Шу ўринда бир мулоҳазани ўртага ташлашни ўринли деб билдик. Хўп, Президентимизнинг топшириғи билан ҳукумат, барча вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вакиллари жойларда уйма-уй юриб, кам таъминланган оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни камбағалликдан чиқариш, тадбиркорлик билан шуғулланишига имконият яратиб бериш учун бутун чораларни кўрмоқда. Одамларчи, одамлар бунинг қадрига етишаяптими? Давлат томонидан амалга оширилаётган бундай кўламли ишлар, ажратилаётган маблағлар улар учун эканлигини ҳис қилишаяптими? Афсуски, бу саволларга ижобий жавоб бера олмаймиз…

Одамларимиз орасида шундай тоифадаги кишилар борки, улар иш йўқлигидан нолишади. Лекин, иш топиб берсангиз баҳона излайди, корингга ишлатгин, деб кўмак ажратсангиз “Менга кам тегди” дейди, томорқангга эккин деб ерини ҳайдаб, уруғлигини берсангиз, ишловини қилмайди, чорвангни кўпайтир деб мол берсангиз, сотиб юборади.

Бундай тоифадагилар бу ишларни гўёки, шундай бўлиши керакдай, қонуниятдай қабул қилишади. Буларни кўриб азборийи ёқа ушлайсан. Аслида бугун камбағалликни бўйнига олаётганлар ишёқмас, дангаса, имкониятлардан фойдаланишни истамаётган кимсалардир. Руҳшуносларнинг фикрича, бой ёки камбағал бўлишига инсоннинг ўзи сабабчи бўлар экан. Шунинг учун ҳам Ғарб мамлакатларида соғ-саломат бўлиб, камбағал, қашшоқ яшайдиган одамга ҳеч ким раҳм-шафқат қилмайди.

Нега дейсизми? Чунки, бундайларга ёрдам бериш жамиятни бузади, деб ҳисоблашади. Назаримда, бизда ҳам бундайларга ёрдам ва эътибор кўрсатиш билан бирга: “Ҳей, сен, нега бу аҳволга тушиб қолдинг? Шундай яшашдан уялмайсанми? Нега яхши яшаш учун берилаётган имкониятлардан фойдаланмаяпсан?” деб сўрайдиган пайт келди.

Зеро, бир томонлама ҳаракат билан камбағалликни тугатиб, муаммоларнинг ечимини топиб бўлмайди. Иккинчи тарафни ҳам ҳаракатга келтириш керак. Асом бува айтмоқчи, бунинг йўли битта. Дўппини бир четга олиб қўйиб, каллани ишлатиш, ақлни чархлаш ва меҳнат қилиш. Акс ҳолда, осмондан чалпак кутиб ўтирганлар сони камаймайди.

Ю. ФАЗЛИДДИНОВА

2020-07-06T15:58:56+00:00