КЕЧИРИМЛИЛИК – БАҒРИКЕНГ ЭЛНИНГ ФАЗИЛАТИ

Мамлакатимизда турли ёт ва зарарли ғоялар таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон миллий университети қошидаги Зангиота академик лицейида бўлиб ўтган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.

Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Зангиота ва Тошкент туманларида яшаган, айни пайтда қидирувда бўлган диний-экстремистик оқим аъзоларининг оила вакиллари, тегишли бошқарма ва жамоат ташкилотлари ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят ҳамда туман кенгашлари фаоллари, шунингдек, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик тамойилларига мувофиқ, адашиб турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолиб, ўзга юртларда юрган ватандошларимизни оиласи, ота-онаси бағрига қайтариш ҳақида фикр алмашилди.

Сир эмас, бугун дунё мамлакатларида дин ниқоби остида турли бузғунчиликлар содир этилмоқда. Шу маънода, соф Ислом дини маърифатини тар­ғиб қилишда давлат, жамоат ва диний ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, Президентимиз қайд этганидек, эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлидаги бирлашиш Ислом динининг асл моҳиятини очиб беришга хизмат қилиб, одамлар дунёқарашида терроризм, экстремизм ва диний ақидапарастликка муросасиз курашни шакллантириш имконини беради.

Юлдузхон МУҲИДДИНОВА,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-27T16:09:25+00:00