Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб, янгиланиш, юксалиш, ривожланиш жараёнлари жадал суръатларда давом этаётгани ўзини мана шу Ватан тақдирига дахлдор ҳисоблаган ҳар бир кишининг қалбини фахру ифтихорга тўлдиради. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси – «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари қишлоқларнинг замонавий қиёфа касб этиб, аҳолига қулай шароит яратаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Фармонида мамлакатимиз аҳолисининг қарийб тенг ярми яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланишига қарамасдан, улар учун зарур шароитлар яратиб берилмагани, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмагани, аҳолининг ҳаётий-маиший эҳтиёжлари тўлиқ таъминланмагани алоҳида тилга олинади. Бунинг оқибатида, айрим одамлар бундай ҳолатларга кўникиб, яхши яшаш учун интилиши анча сусайиб, боқимандалик кайфиятига тушиб қолган.
Аслида инсоф билан айтганда хонадонларимиздаги қут-барака, файзиёблик осмондан тушмайди. «Олма пиш, оғзимга туш» ибораси аслида боқибеғам, боқиманда одамларни ғафлат уйқусидан уйғотиш, қалб кўзини очиш учун киноя билан айтилган. Яна бир тоифа – тепса тебранмас, «бўлганим шу» қабилида яшашга кўникиб қолганларга нисбатан «Берсанг ейман, урсанг ўламан» деган тагдор гап ҳам бор.
Шу кунларда телеэкранлар обод, ибратли хонадон соҳиблари билан бир қаторда 15-20 сотих томорқасини баҳорнинг иккинчи ойи ўтиб бораётганига қарамай, ҳали шудгор ҳам қилмаган, уй-жойи, кўча деворлари (агар у бўлса) нураб ётган хонадон эгаларини ҳам кўрсатиб турибди. Афсуски, оила соҳибининг тўрт мучаси соғ. Яна қўлидан иш келадиган ўғил-қизлари ҳам бор. «Бизга бўлаверади» йўсинида иш тутаётган бундай инсонлар вилоятимизда ҳам анчагина топилади.
Азизлар, ҳар ким бошига ёққан қорни ўзи курайди. Биз кимнингдир дилини оғритиш, ички ишларига ноўрин аралашиш, ақл ўргатиш фикридан йироқмиз. Аммо, томошабин бўлиб ҳам туролмаймиз. «Бирники – мингга, мингники – туманга», деганларидек, Тошкент вилояти барчамизники. Унинг шаъни, истиқболи, ободлиги учун воҳанинг ҳар бир фуқароси масъул.
Юртбошимиз ҳар ишда, ҳар жабҳада бетимсол ташаббус кўрсатиб, бошқаларни ҳам фаол бўлишга чорлаб, ишни тўғри ташкил қилиш учун барча асосларни, яъни зарур фармон ва қарорларни чиқариб бераётган бўлса. Унинг ижросини таъминлашда биз сусткашликка йўл қўйсак, бу адолатдан эмас. Қолаверса, Яратганга ҳам ҳуш келмайди. Тошкент вилояти – пойтахт вилоят. Лекин, водий вилоятлари билан таққосласак, обод қишлоқ, обод турмуш тарзи, томорқаларга эътибор нуқтаи назаридан ўзимизга баҳо берсак, анчайин орқада эканлигимиз, бизларга уюшқоқлик, шижоат, бирдамлик етишмаётганлиги аён бўлиб қолмоқда.
Биз ўтган ҳафта бир гуруҳ ижодкорлар, санъат аҳли вилоятимизнинг Қуйи Чирчиқ туманидаги «Абай» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик. Шуни мамнуният билан қайд этамизки, бундай хайрли юмушлар Тошкент вилоятининг «Бирлик», «Сут-булоқ», «Тонг юлдузи», «Шалола», «Каналобод» каби маҳалла фуқаролари йиғинларида ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.
Сир эмас, истиқлол йилларида йирик шаҳарлар, вилоятлар ва туманлар марказларида катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди, жойларда замонавий инфратузилмалар барпо этилди. Лекин, тан олишимиз керакки, қишлоқлар, айниқса, чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктлари анча вақт эътибордан четда қолиб келаётган эди. Халқни рози қилиш, одамлар эртага эмас, балки бугундан яхши яшаши керак, деган ғоялар Юртбошимиз юритаётган сиёсатнинг муҳим мезонига айланган экан, қишлоқларда истиқомат қилаётган ҳамюртларимизнинг ҳам тақдири ҳақида кўпроқ ўйлашимиз давр талабига айланди. Тўғри-да, республикамиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига катта ҳисса қўшаётган қишлоқларимиз аҳолиси ҳам қулай шароитларда, яхши яшашга лойиқ. Қишлоқдаги уйларнинг ҳам узлуксиз чироғи ёниши, гази, суви бўлишини таъминлай олсак, албатта, меҳнаткаш халқимиз ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Уларнинг турмушига мазмун киради, яшашга муносабати ўзгаради, кўнгли хотиржам тортади, бахту-саодатни ҳис қилади ва юрт равнақи учун янада кўпроқ меҳнат қилади.
Бизнинг «Абай» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Кушек» массивига ташрифимиз 16-умумий ўрта таълим мактабида аҳоли вакиллари билан учрашувдан бошланди. Қозоқ миллатига мансуб аҳоли яшайдиган бу қишлоқда 198 та хонадон мавжуд. Аҳоли сони мингга яқин. Умуман, Қуйи Чирчиқ туманида қарийб 9,5 минг қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади.
Ўзбекистон халқ артисти, вилоятимизнинг истъедодли фарзанди Зуҳра Ашурова, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Омила Тўрақулова, шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси Мунаввара Усмонова, эстрада хонандаси Наргиза Азимова, Тошкент вилояти қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Ортиқбой Қуронбоевлар қатнашган мазкур учрашув жуда самимий руҳда ўтди. Хуш тилаклар шеърга, шеърлар қўшиққа, қўшиқлар рақсларга уланиб, йиғилганларга бир олам қувонч бахш этди. Қозоқ оқинлари Асқар Турдибоев ҳамда Талғат Ўринбоевларнинг айтишувлари барчамизга манзур бўлди.
Бугун ён-атрофимиздаги қўшни халқлар, давлатлар билан қон-қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритар эканмиз, бир ҳақиқатни барчамиз якдиллик билан эътироф этамиз: ўзаро муносабатларимиз тарихида, ҳеч шубҳасиз, янги, ёрқин саҳифа очилмоқда. Қалбимизга беҳад ғурур ва ифтихор бағишлайдиган жиҳати шундаки, Марказий Осиё давлатлари ўртасида мана шундай ўзаро ишонч ва самимиятга асосланган дўстона ҳамкорлик алоқаларининг ривожида Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев асосий ташаббускор сифатида ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.
Яна бир муҳим томони – ўзаро дўстлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилишидан минг-минглаб оддий инсонлар манфаат кўрмоқда. Йиллар давомида ёпилиб қолган йўллар, дарвозалар очилмоқда, автобус, темир йўл ва ҳаво транспорти бўйича янги-янги йўналишлар очилмоқда.
Ўзбек ва қозоқ азалдан энг яқин, дили – дилига, тили – тилига, ўтмиши – ўтмишига, келажаги – келажагига пайваст халқлар, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Қадимий ва муштарак қадриятларимиз асосида қадимдан ота-боболаримиз бир-бирларига ҳамдаму ҳамнафас, елкадош бўлиб, ўзаро қуда-анда, дўсту қардош бўлиб яшаб келганлари ҳақида қанча шеърлар, достону ғазаллар битилган. «Қозоғим-қардошим», «ўзбегим – ўз оғам», «йўлдошинг қозоқ бўлса, йўлдан адашмайсан», деган иборалар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Уларнинг барчаси асрлар синовидан ўтган қардошликнинг қалбларимизга муҳрланган ифодасидир.
Шу боис ҳам икки давлат Президентлари ўртасидаги келишувга мувофиқ, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилиниши, 2019 йилнинг эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили сифатида ўтиши режалаштирилгани ҳаммани хурсанд қилди. Шу муносабат билан бепоён қозоқ диёрида ўтказилаётган тадбирларда иштирок этиш учун биз, бир гуруҳ ижодкорлар Жанубий Қозоғистон вилоятида ижодий сафарда бўлиб қайтдик. Қозоғистон ўзбеклари чеҳрасидаги мамнуният, сўзларидаги шукроналик бизга чексиз қувонч бағишлади.
Қозоғистон Президенти Н. Назарбоев Сайрамдаги ўзбек драма театрининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида «Қозоғистон – ўзбекларнинг ҳам тарихий Ватанидир», дегани миллатдошларимизнинг кўксини тоғдек кўтарди. Икки халқ ўртасидаги бу қон-қардошлик ҳақида батафсилроқ сўзлашимиздан мақсад – муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона, доно сиёсат туфайли Ўзбекистонда яшаб, истиқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб қардошларимиз ҳам диёримизни ўзларининг Она Ватани деб биладилар ва бундан фахру ифтихор қиладилар. Буни Қуйи Чирчиқ туманидаги қозоқ қардошларимизнинг дил изҳорларидан, «Кушек» аҳлининг уларга яратилаётган шарт-шароитлардан нақадар мамнун эканлигидан ҳам билса бўлади. Шунингдек, Тошкент вилояти қозоқ миллий маданий маркази раҳбари, ардоқли оқсоқол Ортиқбой Қуронбоевнинг учрашувда билдирган икки халқ дўстлиги борасидаги фикр-мулоҳазалари ҳам ифтихорга йўғрилди.
Аслида ҳам «Обод қишлоқ» дастури асосида «Кушек» массивида олиб борилаётган бунёдкорликлар хайрли ишларнинг бошланиши, холос. Қишлоқда 3,8 км. масофада қувурлар ётқизилиб, тоза ичимлик суви келтирилмоқда. 4 км. ички йўллар капитал таъмирланиб, асфальт ётқизилаяпти. Шунча километрда пиёдалар учун йўлаклар, ирригация лотоклари бунёд этилмоқда. Бутун қишлоқдаги симёғочлар, электр ўтказгич симлари янгисига алмаштирилмоқда.
Қишлоқ ёритгич чироқлар билан таъминланади. Аҳолини томорқадан самарали фойдаланиши учун ҳам маслаҳат, ҳам амалий ёрдам кўрсатилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳомийлар бириктирилм оқда. Албатта, буларнинг ҳаммаси таҳсинга лойиқ.
Биз ҳашарчи-қурувчилар ҳузурида бўлиб, уларнинг тушлик соатларидан фойдаланиб, қисқа фурсат суҳбатлашдик. Шеърлар ўқиб бердик. Наргизахон овоз кучайтиргичсиз ҳам ўхшатиб куйлаб берди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Обод қишлоқ» дастури кутилган самарани бериши учун ҳаммамиз баҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим. Бу борада, барча масъулиятни, ҳаракатни давлат зиммасига юклаб қўйиш билан иш битмайди. Айниқса, бу борада ҳудудий секторлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари ва Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўғинлари ташаббус кўрсатиши лозим. Амалга оширилаётган лойиҳалар қишлоқларда вужудга келган ноқулай шароитларни бартараф этиш билан бирга, одамларни иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари очишга ҳам хизмат қилади.
Мазкур дастурнинг қабул қилиниши ва ҳаётга изчил татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ташаббус юртимиздаги ҳар бир қишлоқ обод қиёфага киргунча тўхтамайди, босқичма босқич давом этади. Зеро, қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан туриб, замонавий ривожланган давлат қуриб бўлмайди.
Азизлар, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев барча юртдошларимизни ташаббускор бўлишга, аҳиллик билан фидойилик кўрсатиб, порлоқ истиқболимизни ўз қўлимиз билан яратишга чорлаб турган бир пайтда, биз, вилоятимизнинг ҳар бир фуқаросидан умумхалқ манфаати йўлида олиб борилаётган бу хайрли ишларда фаол бўлишни сўраган бўлардик. Инсон оиласидан топмаган бахтни кўчадан тополмайди. Биз оиламиздаги ободлик билан маҳалламиз ободлигига, маҳалламиз гўзаллиги билан қишлоғимиз гўзаллиги, ободлигига ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, тозалик, бунёдкорлик, ободлик барқ урган ерларда одамлар бошини баланд кўтариб яшайдилар.
Вилоятимиз аҳлига доимо эзгу ишларидан ифтихор қилиб яшаш насиб этсин. Дунёни гўзаллик асрайди! Гўзалликни эса ўз қўлларимиз билан яратамиз.
Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири