КЎРГАН БОШҚА, ЭШИТГАН БОШҚА

Бўстонлиқ туманида ноқонуний қурилган дала ҳовлилар юзасидан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда, шунингдек, вилоят масъул идораларининг раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Маълумки, Бўстонлиқ вилоятимизнинг энг сўлим, хушманзара ва ҳавоси тоза ҳудуди ҳисобланади. Шуни билган ҳолда туманда ноқонуний қурилишлар қилиб, хусусий дачалар қуриб олиш оддий ҳолга айланиб қолган.

«Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси баёнида кўрсатилишича, туманда ўтказилган хатлов жараёнида жами 338 та турар ва нотурар бино эгаларига амалдаги уй-жой, ер қонунчилиги талаблари тушунтирилиб, барчасига ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бартараф этиш бўйича огоҳлантиришлар берилган.

Аммо, шунга қарамай, 2020 йил 11 май ҳолатига кўра, 594 та объект ноқонуний деб топилган ва 24 та мана шундай ноқонуний тарзда қурилган уйларнинг эгалари судга чақирилганида келишмаган, 8 та жиноят иши қўзғатилган. Бузилаётган уйларнинг аксарияти қалбаки ҳужжат асосида қурилгани асослаб берилган.

Хабарингиз бор, Бўстонлиқни туризм учун энг қулай, хавфсиз ҳудудга айлантириш борасида катта ишлар қилинаяпти. Натижада, ҳудудга сайёҳлар оқими тобора кўпаймоқда. Бундан, аввало, шу ердаги аҳолига фойда. Маълум тўлов эвазига сайёҳнинг хизматини, чойини қилиб беради.

Аммо йўл четларида, дарё бўйида, кучли электр қуввати ўтган нуқталарда қурилиш қилиш мумкин эмас. Ҳолатни ўрганиш мобайнида электр сими ўтган жойда ҳам, йўлнинг четида ҳам қурилишлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Одамлар ҳатто юришга йўлакча ҳам қолдирмай, уйларига қўшиб олишган. Бу ердаги аҳолининг кўпчилиги ноқонуний, ҳужжати қалбаки бўлган уйга катта маблағ сарфлаган. «Дача»ларнинг кўпчилиги хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Бўстонлиқ – тоғли ҳудуд. Эртага кимнингдир уйига сел келиши, турган жойи ўпирилиб тушиши мумкин. Биринчи навбатда – хавфсизлик керак.

Бузилаётган уйлар 2018 йил 20 апрелдаги ўзбошимчалик билан қурилган уйларга берилган бир марталик давлат акциясидан кейин қурилган. Унгача бўлган уйларнинг барчаси ҳужжатлаштирилган.

– Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида 20 млн. гектар ер бўлса, шунинг 20 фоизи суғориладиган ер ҳисобланади, – дейди вилоят прокурори Салом Самадов вазиятни шарҳлаб. – Ўрмон хўжалигининг ери бўладими, қишлоқ хўжалигиникими, фақатгина рухсат берилган ерларда қурилиш қилиш мумкин. Қонунчилигимизда агарда манна шундай ўзбошимчалик билан эгалланган ерларга зарар етказса, зарар пулини тўлаш кўзда тутилган.

Айнан Бўстонлиқ туманининг шундай гўзал манзаралари бўлгани учун биз Франция, Германия ва Туркия давлатлари билан фикр алмашган ҳолда бу ерда катта туристик зона қурмоқчимиз. Сабаби, оддий одамлар бу ердаги қиммат дачаларга кела олмайди. Биз шу томонларини ўйлаган ҳолда 3-4 қаватли отеллар қуришни режалаштираяпмиз.

Пресс-тур якуни бўйича фикр ва таклифлар билдирилиб, мутахассислар томонидан кўриб чиқилиши айтилди. Журналист ва блогерлар ҳудудма-ҳудуд юриб, ноқонуний қурилмалар ортидан вужудга келган реал вазиятни ўз кўзлари билан кўришди ва муносабат билдиришди.

К. САЛОМОВА

/Тошкент ҳақиқати/

2020-07-06T15:10:08+00:00