КУЁВБОЛА ҚАЕРДА ИШЛАЙДИ?

Оҳангаронлик Мавжуда Бегимқулова каттагина рўйхатдан ўз исм-шарифини топиб, имзо чекар экан, юраги севинчдан орзиқиб кетди. Дийдаси нам­ланганини кассир аёлдан яширишга уринди. Негаки, ўқишни битиргач, нақ етти йиллик ишсизликдан кейин, неча-неча идоралар эшигидан ноумид қайтиб, охири шаҳардаги тўқимачилик корхонасига ишга жойлашган, бугун эса биринчи маошини олаётган эди-да…

Катта ҳаётга кириб келаётган ҳар бир ёш­нинг эзгу мақсади, энг аввало, ўзининг муносиб ҳаёт тарзини белгилаб олиш ва жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашдан иборатдир. Ҳеч шубҳасиз, етарли билим, муайян касб-ҳунар ва, албатта, муқим ва кафолатланган иш ўринлари ана шундан орзу-умидлар рўёби сари йўл очувчи муҳим омиллардир, десак асло янглишмаймиз. Бинобарин, давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самаралари жойларда янгидан-янги иш ўринларини ташкил этиш орқали аҳоли, хусусан, ёш­ларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий жиҳатдан ҳи­моялашда ўз ифодасини топмоқда.

Фаровонликка хизмат қилувчи бундай ислоҳотлар ижроси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ташкилот ҳамда муассаса раҳбарларига ишониб топширилган экан, улар бу масъулиятни қай даражада уддалашмоқда? Бугун кун тартибидан тушмай келаётган мазкур муҳим масала раҳбарларнинг ҳам тинчини, оромини бузаётганмикин? Қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг самараси кутилганидекми?

– Бу саволга, афсуски, ҳамиша ҳам бирдек ижобий жавоб бериш мушкул, – дейди ви­лоят Бандлик бош бош­қар­маси бўлим бош­лиғи Фаёзиддин Пўлатов. – Бугунги кун ҳа­қиқати шуки, вилоятимизнинг саноат сало­ҳия­тини юксалтириш, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантиришга тўлақонли эришмас эканмиз, банд­лик масаласи жойларда оғ­риқли нуқта бўлиб қо­лаверади. Би­роқ, шуни ҳам таъкидлашимиз керакки, туман ва шаҳарларимизда маз­кур йўналишда олиб борилаётган ҳаракатлар кутилган натижаларни, ҳар ҳолда, бераяпти. Жойларда яратилаётган иш ўринлари таркибини таҳлил этиб кўрадиган бўлсак, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши ҳар тарафлама катта бўлаётганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, саноатнинг йирик тармоқларида истиқболли инвестиция ло­йи­ҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши бу тузилмаларда мавжуд қувватларни кенгайтириш баробарида қўшимча иш ўринларини ҳам вужудга келтирди. Умуман, вилоятимизда жорий йил бошидан буён 14 мингга яқин фуқаро иш билан таъминланди. Шундан 7 минг 578 нафари корхона, ташкилот ва муассасалардаги мавжуд бўш, захираланган ҳамда янги яратилган доимий иш ўринларига ва 6 минг 291 нафари вақтинчалик мавсумий ишларга жалб этилди. Шунингдек, бошқармамиз томонидан 371 та ишсиз фуқаро иқтисодиётда талаб қилинаётган мутахассисликлар бўйича касбга тайёрланди ва ишга жойлаштирилди. Бу кўрсаткичларимиз ўтган йилгига нисбатан анча юқори. Тўғри, бу айни пайт­да ишсизлик даражасига солиштирганда етарли эмас, бироқ имкониятимизга қа­раб ҳаракат қилаяпмиз. Асосийси, булар реал рақамлар.

Масъул ходимнинг мана шу охирги гапи бизга маъқул: реал рақамлар! Очиғи, сонда бору саноқда йўқ бўлган, қуруқ ҳисоботлару йиғилиш баённомаларига тиркаб қўйиладиган «иш ўринлари»ни бугун энди давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсат асло кўтармайди. Бинобарин, энди уларни қоғоз ҳам кўтармайди!

Биз бошқарма томонидан тақдим этилган маълумотларни ҳақиқий вазият билан солиштиришга уриндик ва хотиржам бўлдикки, ҳисоботларга тушган иш ўринларида бугун чиндан ҳам одамлар ишлашаётган кўринади. Айрим корхоналар, тадбиркорлик тузилмалари ва ёшлар билан қилган мулоқотларимиз шундай де­йишга асос бўлади.

Ўрта Чирчиқ туманидаги саноат ва сервис касб-ҳунар коллежини тўқимачилик йў­налиши бўйича тамомлаган Сайёра Тошматова Нурафшондаги текстиль корхонасида ишлаётганидан мамнунлигини билдирди. Буни қарангки, жамоада Сайёра каби кўплаб ёшлар устоз-шогирд анъанаси асосида енгил саноат соҳасида малака орттираётган экан.

– Коллеждан кейин, албатта, ўзим танлаган соҳа бўйича ишлайман, деб мақсад қилардим, – дейди Сайёра. – Биз ҳунар эгаллаб, дипломли бўлгунча шаҳримизда шундай муҳташам, хорижнинг энг илғор технологик ускуналари билан жиҳозланган енгил саноат корхонаси фаолият бошлабди. Ҳеч иккиланмасдан, шу ерга ишга келдим. Янглишмаган эканман. Бу ер менга катта мактаб вазифасини ўтаяпти.

Ҳисоботларга кўз югуртириш чоғида, яқинда Чиноз туманида ҳам худди шу йўналишда бир эмас, икки корхона очилганидан хабар топдик. Дарҳол мазкур жамоаларнинг кадрлар бўйича масъул вакиллари билан боғландик.

Улардан бири туман маркази яқинида очилган «Фуран текстиль» масъулияти чекланган жамияти экан. Бир ойча аввал фойдаланишга топширилган ушбу корхона туркиялик ишбилармонлар билан қилинаётган ҳамкорлик меваси бўлиб, у иш бошлаши билан 200 кишининг бандлиги таъминланди. Иккинчи корхона эса «Чинзара» номи билан туманнинг «Бешкапа» маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлади. Бу билан ҳам маҳаллий аҳолининг деярли яна шунчаси ишсизлар рўйхатидан расман ўчирилибди…

– Уйимга яқин, шундай замонавий корхонада иш бошлаганимдан мамнунман, – дейди «Фуран текстиль» МЧЖ ишчиси Суннат Ғаффоров. – Ҳаммаси жуда осон кўчди. Иш қидириб, сарсон бўлмадим. Ўзим ҳақимда бандлик идорасига бир оғиз далолат қилиб қўйган эдим, имкон бўлиши билан чақиришди. Бу ёғини сўрасангиз, ишларимиз чакки эмас, назаримда. Маҳсулотларни тайёрлашда фабрика сифатига эришиш жамоамизнинг бош мақсадига айланган. Бунинг учун барча имконият ва шарт-шароитлар бор. Болаларбоп турфа кийим-кечакларимизнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Бу, ўз навбатида, зиммамизга катта масъулият юклайди.

Дарвоқе, бандлик масалаларини жойларда самарали ҳал этишда бўш иш ўринлари ярмаркаларининг ҳам аҳамияти катта бўлаяпти. Хусусан, йил аввалидан жойларда 34 маротаба ана шундай меҳнат бозорлари ташкил этилган. Уларда 1 минг 385 та корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Эътиборлиси, мазкур ярмаркаларда қатнашган 6 мингдан ортиқ фуқаро­ларнинг 1,5 минг нафари ўша жойнинг ўзида ишли бўлди. Шунинг ўзи ҳам катта гап.

– Уй-рўз­ғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда меҳнат қилиб, даромадли бўлишни истардим, – дейди Зангиота туманилик уй бекаси Умида Эшонқулова. – Ҳудудий бандлик бўлими кўмаги билан мақсадимга эришдим. Ҳозир туманимиздаги болалар ўйинчоқлари тайёрлайдиган корхона касаначилари сафидаман. Шу тариқа даромад топаяпман, оиламиз фаровонлигига ҳис­са қўшаяпман.

Мухтасар айтганда, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишидаги «Йўл хариталари»да вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманнинг ўзига хос хусусиятлари, демографик ҳолати ва меҳнат ресурслари таркиби акс эттирилгани, айниқса, касб-ҳунар коллежларида ҳам билими, ҳам ҳунари бўлган мутахассисларнинг янги авлоди етишиб келаётгани инобатга олинаётгани уларни қоғозда эмас, амалда рўёбга чиқишини таъминламоқда. Бу эса ижтимоий ҳимоя ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг янги имкониятлари сари йўл очмоқда.

Мақоламизни мана шундай баландпарвозроқ нуқтада якунламоқчи бўлиб тургандик, туйқус телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсак, ташвишли овоз:

– Мен Қибрайдан пенсионер Фотима Мирмақсудова бўламан. Набирам Камронбек тўрт йил олдин Тошкентдаги тиббиёт коллежини тамомлаган. Ҳалигача ишга жойлаша олгани йўқ. Туман тиббиёт бирлашмасида бўш жой йўқмиш. Жой бўлиши билан чақирамиз, дейишибди. Ҳадемай, набирамни уйлантираман. Келин қидириб, бир хонадон «эшигини супуришга» борсак, «Куёв бўлмиш қаерда ишлайдилар?» деб сўраб қолсалар, нима дейишга ҳайронмиз…

Биз Фотима аяга бирор жўяли йўл-йўриқ беролмаган бўлсакда, ҳар ҳолда, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида ҳали-бери қилиниши лозим бўлган ишларимиз кўплигини тушунгандек бўлдик.

Эрали НОРБЕКОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-07-31T20:05:53+00:00