МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТЧИ ЙЎҚ, ТАДБИРКОР КЎП

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолия­тини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви Паркент тумани «Марказий» маҳалла фуқаролар йиғинида йўлга қўйилган «Ҳамкорлик тизими»ни комплекс ўрганиш ва тарғиб қилиш юзасидан амалий семинар ўтказди.

Унда Республикамиз ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ «Марказий» маҳалла фуқаролар йиғини биноси янгидан реконструкция қилингандан сўнг давлатимиз раҳбари шу йил 22 июль куни ушбу йиғинга ташриф буюрганди.

Айтиш жоизки, маҳаллада раис, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилган, улар компьютер, мебель, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Ўтган вақт ичида фаоллар яратилган қулай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз ишларини намунали ташкил этишга интилишмоқда.

Маҳалла фаолияти билан яқиндан танишишни мақсад қилган журналистлар дастлаб маҳаллага бириктирилган сектор раҳбари ҳамда тиббиёт бирлашмаси мутахассиси ахборотини тинглашди. Унда масъулларнинг жорий йил давомида аҳоли саломатлигини таъминлаш, ёлғиз кекса ҳамда ногиронлар ҳолидан хабар олиш, шунингдек, ҳудуддаги 520 та хонадоннинг барчаси томорқасидан унумли фойдаланиши борасидаги ишларига эътибор қаратилди.

Журналистлар семинар давомида гузардаги тикувчилик цехи, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишдилар. Хонадонида иссиқхона ташкил этган Султоновлар оиласи тажрибасининг гувоҳи бўлишди.

– «Марказий» маҳалласида 2 минг 314 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолия­тини мувофиқлаштириш бўйича Паркент тумани кенгаши раиси ўринбосари Фахриддин Дадаматов. – Йиғинда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келишмоқда. Ҳу­дуддаги мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, поликлиника билан маҳалла фаол­ларининг ҳамкорлиги ҳа­вас қилгулик.

Ижтимоий муаммоларни ҳал этишда тадбиркорлик субъект­ларининг ўрни бениҳоя катта. Шу боис, маҳаллада оилавий бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Чунончи, 2017 йилда маҳалладаги 24 та фуқаро кам таъминланган оилаларга бериладиган 9 фоизли имтиёзли кредитлар эвазига то­мор­қасида чорвачилик, лимончилик, асал­аричилик ва боғдорчиликни йўлга қўйганди. Жорий йилда эса улар сафи кенгайди, тадбиркорлик фаолия­тини бошлаш истагидаги 16 та оилага маҳалла фаоллари яқиндан кўмаклашишди.

Шунингдек, медиа-тур иштирокчилари «New klass textile» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишдилар. Йигирма турдаги маҳсулот тайёрланаётган тикувчилик цехида иш қизғин. Сифатли трикотаж маҳсулотлари Россия давлатига экспорт қилинмоқда. Қувонарлиси, бу ерда маҳалла ёшларидан 30 нафарининг банд­лиги таъминланган.

«Марказий» ҳудуди яқинидаги «Ёшлик» маҳалласида ҳам тадбиркорлар талайгина. «Ali tex innovation» корхонаси шулардан бири. Хориж технологияси асосида ишлаб чиқарилаётган матолардан шу ернинг ўзида либослар тикилмоқда. Жорий йил якунига қадар яна 50 та янги иш ўрни яратилар экан.

Тартибли йўлга қўйилган иш жараёни сабаб, 2017 йил ҳамда жорий йилнинг шу даврига қадар ҳудудда биронта жи­ноят содир этилмаган. Ваҳоланки, 2016 йилда ҳуқуқбузарликлар 5 та, ажримлар эса 2 тани ташкил этган эди.

– Ҳудуддаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалла фаоллари билан ҳамкорлигимиз ёрдам бермоқда, – дейди профилактика инспектори, лейтенант Элдор Имомов. – Бу жараёнда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзоларининг ҳам ўрни катта. Таълим муассасаларида ўтказилаётган «Профилактика куни» доирасидаги тушунтириш тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Жамоат жойлари ва кўчаларга ўрнатилган 17 та видеокузатув мосламалари ёрдамида ҳудудни тўлиқ назорат қилаяп­миз.

Маълум қилинишича, маҳаллада тўй, оилавий тантана ва турли маросимларни камхарж, камчиқим ўтказишда ҳам жамоатчилик назорати шаклланган. Йиғин ҳузуридаги «Ота-оналар университети», «Қайноналар кенгаши» тузилмалари фаолияти ҳам намунали йўлга қўйилган.

Медиа-турдан ОАВ ходимлари катта таассурот билан қайтишди.

Зафар ЭРГАШЕВ,

Паркент туманидаги 29-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

2018-03-21T15:39:19+00:00