МАТБАА МАҲСУЛОТЛАРИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

агар у контрафакт бўлса…

Ҳар бир ота-она фарзандининг комил инсон бўлиб вояга етишини истайди. Энг яхши нарсаларни дилбандига илинади. Уларни ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етиши йўлида тиним билмай меҳнат қилади.

Ўқув қуроллари, китоб-дарсликлар каби кунлик эҳтиёжларига ярайдиган маҳсулотларни сотиб олиб беради. Лекин, сотиб олган маҳсулотлари ҳар доим ҳам сифатли чиқавермайди. Айнан мана шундай сифатсиз, контрафакт маҳсулотларини харид қилиб, кейин афсус чекиб қолаётган харидорлар талайгина…

Контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодий ҳуқуқбузарликнинг бир кўриниши ҳисобланиб, уларнинг истеъмоли инсонлар саломатлиги ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат ва жамият тинчлиги, фаровонлигига ҳам хавф солмоқда.

Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот, солиқ бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Турон ахборот-кутубхона марказида «Контра­факт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш: тадбиркорлик маданиятини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоятимиз ҳудудидаги барча ахборот-кутубхона марказлари, китоб дўконлари раҳбарлари, вилоятдаги матбаа корхоналари, ОАВ ходимлари ва фаол китобхонлар иштирок этишди.

Кун мавзусидаги масала юзасидан вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева, рақобат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Исмоилов, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси масъул ходими Бурхон Қувондиқовнинг маъ­рузаси тинг­ланди.

Қайд этилганидек, ҳар биримиз истеъмолчи сифатида арзон ва сифатсиз буюмларга учмаслигимиз, тўғ­рироғи, контрафакт маҳсулотлардан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим. Чунки, бундай маҳсулотлар маълум маънода чўнтагимизга фойда келтирса-да, аслида зиён етказишини унутмайлик.

Беҳзод ҚОБУЛОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-07-31T20:01:27+00:00