МУАММОЛАР ЎРГАНИЛДИ Энди одамлар аниқ натижа кутади

 

Янгийўлда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербоев, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Р. Қосимов, туман Кенгаши депутатлари Н. Жўрабоев, Ф. Тўлаганов ҳамда ҳудудий ташкилотларнинг масъул раҳбарлари тумандаги “Ёшлик”, “Қовунчи”, “Писталик”, шаҳардаги “Сабо”, “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги муаммолар ва таклифларни ўргандилар.

Ўрганишлардан маълум бўлдики, тумандаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмас. “Самарқанд” кўчасининг Янгийўл шаҳар йўналишидан чап томондаги 300 метрли қисмида Янгийўл “Сувоқова” ташкилоти сув йўналиши бўйича таъмирлаш ишларини бошлаган, аммо ниҳоясига етказилмаган. 6 ойдан буён шу ҳолатда турибди. Ушбу ҳолат аҳоли ва транспорт воситалари қатновига салбий таъсир кўрсатмоқда.

“Марказий” кўчанинг ҳолати мутлақо қониқарсиз. 2017-2018 йиллар мобайнида “Олтин  водий” МЧЖ томонидан таъмирлаш амалга оширилиб, икки йилдан буён ниҳоясига етказилмай, қабул қилувчи масъулларга топширилмай ётибди.

“Ёшлик” маҳалласи ҳудудида истиқомат қилувчи 3 минг 686 аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи ҳам талабга жавоб бермайди. Маҳалла ҳудудида бирорта ҳам тиббий муассаса йўқ. Аҳоли 6 километрли масофани босиб ўтиб, шундоқ ҳам 49 минг аҳолига хизмат қилувчи Гулбаҳор оилавий поликлиникасига қатнайди.

25 йил илгари тадбиркор А. Абдуқодиров томонидан қурилган “Маданият саройи” бир неча марта турли йўналишларга айлантирилди. Мазкур бино қурилгандан буён талаб даражасида фойдаланилмай, 10 йиллардан бери қаровсиз ётибди. Ушбу бинода “Ёшлик” ва “Қовунчи” маҳаллалари аҳолиси учун хизмат қилувчи профилактика инспектори хонасини, “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини идорасини (ижара ёки давлат тасарруфи усулида) жойлаштириш мумкин.

“Қовунчи” маҳалласи ҳудудида яшовчи 3 минг 100 аҳолининг ҳам тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти ана шундай чекланган. “Самарқанд” кўчасига электр чироқлари ўрнатилмаган, кўчани икки томонига ёмғир, жала, сел ва оқова сувларини олиб чиқиб кетувчи бетонли лоток ариқлар тўлиқ ўрнатилмаган, аҳоли хонадонидан чиқаётган канализация сувлари оқизиб қўйилган. Натижада, бадбўй ҳид тарқаб, аҳоли ва табиат учун антисанитария ҳолатини юзага келтириб ётибди. Савол туғилади: туманда йўл, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик ишларга масъул бўлганлар, маҳалла фаоллари наҳотки шу муаммоларни кўришмайди, ҳал қилишга интилишмайди?

Эски Қовунчи қишлоғи икки ярим минг йиллик тарихга эга. Бироқ, қишлоқ марказининг ҳозирги ҳолатига эътибор берсак, кўнгил ранжийди. “Қовунчи” маҳалласи ҳудудининг марказий қисми вайрона ҳолига келган, собиқ жамоа хўжалиги идораси, кутубхона, алоқа хизмати, фельдшер-акушерлик пункти биноларининг ўрни хусусийлаштирилиб, бу ерда тадбиркорлик қиламан деганлар ҳеч қандай ишни амалга оширмаганлигини қандай баҳолаш мумкин?

Ҳозирги кунда бу ҳудуд маҳалла марказининг ҳуснига доғ бўлиб турибди. “Қовунчи” ва “Ёшлик” маҳаллалари ёнма-ён жойлашган бўлиб, 9 минг нафар аҳоли яшайди, уларнинг 2 мингга яқини вояга етмаган ёшлардир. Ушбу ҳудудда шу кунга қадар давлат мактабгача таълим муассасаси қурилмаган. Аҳоли ёки ота-оналар 5-6 километрли масофани босиб ўтиб, фарзандларини Гулбаҳор ҳудудида жойлашган мактабгача таълим муассасаларига олиб боришади.

1992 йилларга қадар “Санатория – Саховат” йўналишида транспорт воситалари (автобуслар) қатнаган. Афсуски, 2020 йилнинг ҳозирги кунига қадар автобус қатновини қайта йўлга қўйишни ҳеч ким ўйлаб кўрмаяпти. Яна одамлар қийналаяпти, яъни, озгина масофага ҳам 3 минг сўмдан тўлаб, қонуний ҳужжатларга эга бўлмаган “такси”лардан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда.

“Писталик” маҳалласи ҳудудида аҳолини электр қуввати билан таъминлаш ҳолати ҳозирги кун талабига жавоб бермайди. 2,8 километрли масофани ўз ичига олган электр симёғочлари ва симлари бундан 70 йил илгари ўрнатилган. Ҳозирда уларни бутунлай алмаштириш керак. Янгийўл шаҳридаги “Сабо” маҳалласида умумий ўрта таълим мактаби

йўқ. Ушбу ҳудудлардаги 600 дан ортиқ мактаб ёшидаги болалар уйларидан узоқда жойлашган 31-, 44- ёки Янгийўл шаҳридаги 3-, 8-мактабларга қатнашга мажбур бўлишмоқда. Шунингдек, бу маҳаллада ҳам мактабгача таълим муассасаси йўқ.

“Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмас. Маҳалла аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳам қониқарсиз аҳволда. Маҳалла Янгийўл шаҳрининг

чегарасида жойлашган бўлишига қарамасдан, 10 километр узоқликда бўлган “Шўралисой” поликлиникасига бириктирилган. Аҳоли у ерга 3 та транспортда бориши керак. Бу қийин-

чиликни ким бартараф этади?

Худди шундай камчиликларни “Дархон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам учратиш мумкин. Ҳудуддаги 31-умумий ўрта таълим мактаби қурилиши 2006 йили 2 февралда бошланиб, 25 август куни ишга туширилган. Қурилиш лойиҳасида 18х9 метр ҳажмли спорт зали қурилиши режалаштирилган. Афсуски, бугунга қадар спорт зали қурилиши амалга ошмай келмоқда. Маҳалла ҳудудидаги 1,5 километрли масофани ўз ичига олган “Лолазор” кўчасида электр симёғочлари ва симлари бундан 80 йил олдин ўрнатилган.

Ҳозирги кунда улар мутлақо яроқсиз ҳолга келган. Аҳоли электр қувватидаги носозликдан азият чекмоқда.

Умуман, ўрганилган манзилларда йўл, тоза ичимлик суви, электр таъминоти, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия шароитлари масалалари аҳолининг энг оғриқли муаммосига айланган.

Депутатлар масъул идоралар раҳбарлари иштирокида ўрганилган муаммолар ечими юзасидан вилоят бошқармалари мутасаддилари, Янгийўл тумани ҳамда шаҳар ҳокимлиги

раҳбарларидан аниқ жавоб ва асосли хулосалар кутади.

Н. ЖЎРАБОЕВ,

Халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгаши депутати

2020-06-29T14:59:45+00:00