НАВҚИРОНЛИК  НАШИДАСИ

            Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам ёшлар ойлиги муносабати билан режалаштирилган тадбирлар карантин талабла­рига тўлиқ риоя қилган ҳолда юқори савияда ўтказил­ди. Мазкур ойлик доирасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Ёшлар иттифоқи кенгашлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 6 йўна­лиш бўйича 30 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширил­ди. Мазкур лойиҳалар ёш авлоднинг интеллектуал са­лоҳиятини оширишга, истеъдодларини намоён этишга, уларда ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтиришга қаратилган кўрик-танловлар, спорт мусобақа­лари, турли соҳа вакиллари учрашувлари билан бойитилгани янада аҳамиятлидир.

МУАММОЛАР ҲАЛ ЭТИЛАЯПТИ

Дарҳақиқат, кейинги йиллар­да мамлакатимизда ёшларга ҳар томонлама эътибор кучай­ди. Яъни, раҳбарлар ёшларга яқинлашди: улар билан суҳ­батлашадиган, таклифларини эшитадиган, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашадиган бўлди. Хусусан, ойлик доирасида жой­ларда ташкил этилган сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашув­ларида ёш авлодни қийнаёт­ган масалаларга ечим изланди ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Бажарилган ишлар натижа­сини берди. Масалан, Чиноз туманида прокурор ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтган онлайн мулоқотда “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси доирасида 136 гектар буғдойдан бўшаган ерлар ёшларга ажратиб берил­ди. Эндиликда кўплаб ёшлар даромад топиб, оила кам-кўстини бутлашига имкон яра­тилди. Шунингдек, Оҳангарон тумани ҳокимлиги томонидан ғалладан бўшаган 200 гектар ер майдони ишсиз ёшларга беғараз фойдаланиш учун бе­рилди.

Маълумотларга кўра, бу йил вилоят бўйича 35 минг 732 нафар йигит-қиз мактабни, 16 мингдан зиёд ёшлар коллежни тамомлаб, мустақил ҳаётга қа­дам қўйишди. Уларнинг аксари­яти олийгоҳларга кириш истаги­ни билдирган бўлса, айримлари тадбиркорлик фаолиятини йўл­га қўйишни ният қилган. Улар­га муносиб шароитлар яратиб бериш, орзу-истакларини қўл­лаб-қувватлаш, келажакда ўз йўлларини топиб олишларида кўмаклашиш олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Шу боис, жойларда бу масалага алоҳида аҳамият қаратилаяпти.

Паркент тумани аҳолиси­нинг 30 фоизини ёшлар ташкил қилади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, салоҳият­ли кадрлар қилиб етиштириш, ташаббус ва инновацион ғоя­ларининг амалга ошиши учун шароитлар яратиш, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулла­ниши ва бандлигини таъмин­лашга барча идораларнинг куч-ғайрати сафарбар этилган. Ойлик доирасида сектор раҳ­барлари билан ташкил этилган очиқ мулоқотда уларни қийнаб келаётган бир қатор муаммо ва масалалар муҳокама қилиниб, аксарияти жойида ҳал этилди.

Жорий йилда туманда 11-синфни 2 минг 200 нафар ўқувчи тамомлади, уларнинг 1 минг 990 нафари олий таълим муассасаларига кириш ҳара­катида. Учрашувда ёшларни тўғри касб ва мутахассислик­ка йўналтириш бўйича зарур тавсиялар берилиб, иш излаб келганларга бўш иш ўринлари таклиф қилинди. Шунингдек, айрим коллеж битирувчилари тадбиркорлик билан шуғул­ланиш мақсадида имтиёзли кредит олиш масаласида му­рожаат қилишди. Мурожаатлар қаноатлантирилиб, ёшлар банк муассасаларига бириктирилди.

– Яқинда коллежни тамом­ладим, эндиликда ўзимнинг тадбиркорлик фаолиятимни бошлашни режалаштираётган­дим, – дейди паркентлик Зуҳра Азимова. – Бугунги учрашувда имтиёзли кредит олишда ёр­дам сўрадим. Мурожаатим инобатга олиниб, амалий ёр­дам бериладиган бўлди.

“МЕН ҲАРБИЙ БЎЛАМАН!”

Болалигидан бир марта бўлса ҳам ҳарбий либос кийишни ният қилмаган йигит бўлмаса керак. Чунки, бу кийимдаги ўғлонларни кўрган­да кўз ўнгимизда мардлик ва қаҳрамонлик тимсоли гавда­ланади. Шу сабабдан, Ватанни қўриқлаш, юртга садоқат билан хизмат қилиш истаги йигитлар қалбида ёшликдан муҳрланиб қолади. “Мен ҳарбий бўламан!” мавзуидаги онлайн мулоқотлар ва фахрий ҳарбийлар билан учрашувлар эса кўплаб йигит­ларнинг қалбидаги ўша туйғуни жунбишга келтираётган бўлса ажаб эмас.

Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида истеъфодаги генерал-майор Раҳматулла Атаханов билан ташкил этил­ган учрашувни барча шаҳар-ту­манлар ёшлари онлайн куза­тишди. Тадбирда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳам иштирок этишди. Самимий суҳбатда Р. Атаханов ёшларга курсантлик даври, армиядаги хизмати билан боғлиқ қизиқар­ли воқеалардан сўзлади, ҳар­бий бўлишни истовчи ёшларга маслаҳат берди.

Шунингдек, Оққўрғон тума­ни “Мудофаа” бўлими бошлиғи подполковник Хайрулла Уру­нов, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим бошлиғи, майор Акобир Нуриллаев, Ўзбекистон Миллий Гвардияси Тошкент ви­лояти Қўриқлаш бошқармаси ходими Сарвар Бўрибоев, муд­датли харбий хизматдан қайтган аскарлар, “Темурбеклар” ҳарбий спорт мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари, жами 35 нафар бўлажак аскарлар иштирокида “Мен ҳарбий бўла­ман!” мавзуида онлайн ва очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда бугунги кунда Миллий армиямизда олиб борилаётган ис­лоҳотлар, ҳарбий хизматнинг масъулияти, мамлакатимиз­даги ҳарбий олийгоҳлар ҳақи­да сўз борди. Якунда фаол иштирокчилар ва муддатли ҳарбий хизматни имтиёз би­лан адо этиб келган аскарлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

МЕҲР ҚОЛУР, ОҚИБАТ ҚОЛУР

Ойлик доирасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томо­нидан ташкил этилган “Мен донорман” лойиҳасининг туб замирида бемор инсонлар­га ёрдам беришдек эзгу мақсад бор. Зангиота ту­манидаги ҳарбий қисмда 30 нафарга яқин кўнгил­лилар “Эзгулик албатта қайтади!” шиори остида касалхонада даволана­ётган болажонларнинг шифо топиши учун қон топширишди.

Шунингдек, ёшлар ой­лигида кексаларга янада ҳур­мат кўрсатилиб, улар тез-тез йўқлаб турилди. Жумладан, Қибрай туманидаги 17-мактаб­нинг Ёшлар иттифоқи аъзола­ри “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Рўзи Очил хо­надонида бўлишди. Фахрий олим ёшлар билан суҳбатда ҳар бир ютуққа яхши ўқиш ва тинимсиз изланиш орқалигина эришиш мумкинлигини таъкидлади. Ўз ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.

ХУЛОСА

Юртимиз келажаги давомчилари, эртанги кун эгала­ри билимли, шижоатли ва ватанпарвар бўлишлари керак. Ойлик доирасида амалга оширилган лойиҳалар ҳам том маънода шу мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим қадам­дир. Ўтказилган турли йўналишдаги тадбирларда кўплаб ёшлар ҳаётида янги саҳифа очилди. Шунингдек, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмасдан янги лойиҳалар ҳақида ўйлашнинг айни вақти. Зеро, ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўп.

 

Зуҳриддин РАҲМОНОВ

/Тошкент ҳақиқати/

2020-07-01T14:44:51+00:00