Юқори Чирчиқ тумани марказидаги «Наврўз» маҳалласида янги китоб дўкони фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққанлар Президентимизнинг китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга оид Қарори ижроси доирасида китоб дўконлари ишга туширилаётгани аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, ёшларни юксак салоҳиятли, билим ва дунёқараши кенг инсонлар этиб тарбиялаш, уларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
«Китоб дунёси» масъулияти чекланган жамияти томонидан очилган ушбу зиё маскани турли ёшдаги аҳолига мўлжалланган 2 минг донадан ошиқ китоблар билан тўлдирилди. Бу ерда «Жаҳон адабиёти дурдоналари», «Ўзбек адабиёти намуналари», «Методик қўлланмалар», «Болажонлар учун эртак китоблари» каби бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.
– Янги дўкон ёшларимизнинг севимли масканига айланишига ишонаман, – дейди «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Эшматов. – Зиё маскани жамоаси режалари билан танишдим. Улар кўп китоб ўқиган болаларни рағбатлантириш, ёшларни мутолаага қизиқтириш мақсадида турли танловлар, ёзувчи ва шоирлар иштирокида давра суҳбатлари, ижодий анжуманлар, мулоқот ва учрашувлар ўтказиш ниятида. Интернет тармоғига уланган «Электрон кутубхона» ва «Компьютер ўқуви» хоналари ташкил этилишини эшитиб, яна бир карра қувондик.
Янги китоб дўконининг очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов мактаб ва коллеж ўқувчиларига Наврўз байрами туҳфаси сифатида китоблар совға қилди.
Ўз мухбиримиз