ОБОДЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ҲАМЖИҲАТЛИК ИФОДАСИ

18-19 март кунлари бутун мамлакатимиз, хусусан, вилоятимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Ҳашар халқимизда меҳр-оқибат, ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ўзаро беғараз ёрдам каби инсоний фазилатларни тараннум этувчи азалий қадрият ҳисобланади.

Асрлар оша ота-боболаримиз ҳашар йўли билан улкан бунёдкорлик, қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, маҳаллалар, кўча ва хиё­бонлар, муқаддас қадамжолар, хонадонларни саранжом-саришталаш, турли хил дарахт ва гул кўчатларини экиш каби хайрли ишларни амалга оширган. Ижтимоий ҳимоя­га муҳтож оилаларга беминнат ёрдам кўрсатилган.

Истиқлол йиллари ушбу қадриятимиз ҳам асл қиёфасига қайтиб, кўлами ва аҳамияти ортди. Чунончи, улуғ байрамлар арафасида хал­қимиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳашар ўтказиши яхши анъанага айланди. Айниқса, ҳар йили март-апрель ойлари мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилиниши юқорида таъкидлангани каби эзгу амалларга замин, ҳуқуқий асос яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 мартдаги тегишли фармойиши айни кунда бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, март-апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 18-19 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш, қишлоқ ва шаҳарлар, маҳаллалар, аҳоли тураржойларини орасталаш, юртимиздаги санитария-эпидемиологик ҳолатни янада яхшилаш ҳамда шарқона янги йил – Наврўз айёмини муносиб кутиб олиш ва кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилаётган ойлик доирасидаги ҳашарга ви­лоя­тимиз аҳли, хусусан, Ўзбекис­тон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва ҳудудий бўлинмалари, Ўшлар иттифоқи муносиб тараддуд кўришди.

Маълумотларга кўра, ушбу тадбирда шаҳар ва туманларимиздан бир миллион нафардан зиёд аҳоли иштирок этиши кутилмоқда. Унинг 650 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ҳашар кунлари қарийб 950 гектар майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. 900 километрдан зиёд узунликдаги ариқ-зовур ва лотоклар тозаланиб, беш юздан ортиқ зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилади. Бир ярим минг­га яқин махсус техника воситалари ёрдамида қарийб 1 минг 200 тонна маиший ва қурилиш чиқиндиси белгиланган жойларга чиқариб ташланади. Тураржой массивлари ва маҳаллалардаги мингга яқин дарахтларга шакл берилади. Икки миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари экилиши кутилмоқда.

Шунингдек, ойлик доирасида гуманитар соҳада ҳам бир қатор тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, ижтимоий ҳи­моя­га муҳтож икки минг нафардан, шундан 600 нафардан зиёд ногирон ва ёлғиз кексаларга ҳомийлар томонидан мурувват ёрдами кўрсатилади. Бир ярим мингга яқин кўп болали ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Ушбу мақсадларга икки юз миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ

Анъанага мувофиқ, вилоятимиздаги корхона ва ташкилотлар ўз ходимларининг бир кунлик иш ҳақларини ихтиёрий равишда «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ҳисоб рақамига ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватламоқдалар. Ушбу маблағлар «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларига кўмак бериш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлимининг ҳисоб рақами: 20212000800132942001, АТБ «Агробанк» Ўрта Чирчиқ филиали МФО 00475, ИНН 200548395, ОКОНХ 98600.

2018-03-21T20:44:52+00:00