ОКМК ЁШЛАРИ ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимизнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири “Олмалиқ КМК” АЖда ёшларга алоҳида эътибор қаратилади. Комбинат қошида 2017 йилда тузилган Ёшлар иттифоқи ташкилоти ҳозирда ўз сафига 13 минг 856 нафар ёшларни бирлаштирган.
Мазкур иттифоқнинг асосий мақсади комбинатда меҳнат қилаётган ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтидор ва истеъдодини юзага чиқариш, жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўтган муддатда иттифоқ томонидан анча ишлар бажарилди. Жумладан, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган турли кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинади. Шунингдек, ёшларни китобга янада ошно этиш мақсадида дунёдаги энг оммабоп ва қизиқарли 100 та китобнинг рўйхати тузилиб, улар комбинатнинг барча бўлинмаларига тарқатилди.

Аҳамиятлиси, комбинатда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, ўтган йили олий таълим муассасаларининг 137 нафар ва коллежларнинг 500 нафар битирувчилари ишга қабул қилинди. Қолаверса, юртимиздаги 17 та ва хориждаги
8 та олий таълим муассасаларининг 700-800 нафар талабалари ҳамда комбинат билан ҳамкорлик қиладиган касбҳунар коллежларининг 2 мингдан ортиқ ўқувчилари ўзаро шартномаларга мувофиқ, йил давомида комбинатнинг ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташади.

Ўз мухбиримиз
Аброр ЭСОНОВ
олган сурат

2020-07-02T14:57:18+00:00