ОНАНИНГ УЙИГА ОЧИЛГАН ЙЎЛ

Уйланган кунларим севган ёрим Меҳринисога етишганимдан маст эдим. Дунёда мендан бахтли инсон йўқдай… Аммо, бу бахтиёрлигим бир ойга ҳам бормади. Негаки, ўзим Бекободдан, Меҳринисо эса Тожикистоннинг шундоқ бизга ёндош қишлоғидан эди… Қишлоқ бўлганда ҳам чатишиб кетган қишлоқлар, денг. Тўй бўлса, қишлоғимиздан туриб, у томондаги куй-қўшиқларни бемалол эшитардик.

Куёвчақириққа айтилдик. Қишлоғимиздан чиқишимиз билан тиканли симлар, автомат ушлаган чегарачилар йўлимизни тўсди. Йўл йўқ! Унгача хотин уйига бир кунда икки марта ҳам бориб келарди. «Шундай ўтиб, маросимни ўтказиб келайлик!» дедик. «Бир қадам қўйсанг, отаман!» деди чегарачи. Ана энди томошани кўраверинг! Чегаранинг нариги томонида қайнотам қайиноғаларим билан пайдо бўлди. Улар ҳам чегарачиларга ялиниб кўрди. Натижа бўлмади.

– Майли, «виза» оламан деб юз-юз эллик километр йўл босиб юрманглар, – қайнотам тўй куни қизига фотиҳа бераётганда ҳам йиғламаганди, баралла йиғлаб юборди. Кўзёшини тўнининг ўнгирига артиб, кафтларини очиб, қизини дуо қилди: – Қаерда бўлсанг ҳам тинч бўлгин!

Меҳринисо отаси, ака-укаларидан айрилгандай дод-фарёд­ кўтарди. Уни бир амаллаб уйга олиб қайтдик…

Шунга ҳам йигирма йилдан ошибди. Бу орада Тошкент­га кўчиб келдик, уй-жой қилдик. Аммо Бекобод – хотин томондан яхшими-ёмонми бир хабар келса, юрагим орқага тортиб кетарди: «Қандай бориб келамиз?»

Бу сафарги Бекободдан келган хушхабар билан хотин мени табриклади, мен хотинни!

– Бўлар экан-ку! – дедим. – Яйра хотин, яйра!

Телевизорни қўйдим. Омадимни қаранг, тожик-ўзбек санъат усталарининг концерти бўлаётган экан! Хотинга қўшилиб, ўзим ҳам ростмана рақсга тушдим. Қизим, ўғилларим ҳайрон!

– Ўйнанглар, – уларни ҳам рақс­га чорладим. – Она­ла­ринг­нинг уйига йўл очилди!

Анвар ХОЛТАМОВ,

Ўзбекистон теле-радиокомпанияси»Ассалом, Ўзбекистон» дастурининг муҳаррири

2018-03-21T15:45:25+00:00