РАҲБАРЛАРНИНГ БОШҚАРУВ МАҲОРАТИ ОШИРИЛДИ

Нурафшон шаҳар ҳокимлигида вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, туман ва шаҳар ҳокимлари учун «Бошқарув маҳорати» мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Икки кун давом этган семинар машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси мутахассислари томонидан олиб борилди.

Ўқув-амалий семинарни ташкил этишдан мақсад вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, туман ва шаҳар ҳокимлари фаолиятини такомиллаштириш, жойларда умумий натижа учун масъулиятни зиммасига олишга қодир жамоани шакллантириш, самарали бошқарувни таъминловчи кўникмаларни ривожлантиришдан иборатдир.

Семинар материаллари Жанубий Корея, Малайзия ва Россия каби ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда Давлат бошқарув академияси профессор-ўқи­тувчилари томонидан тайёрланди. Машғулотлар «Жамоани шакллантириш», «Бош­қарув кўникмаларини ривожлантириш», «Бошқарув қарорларини қабул қилиш», «Раҳбарнинг мулоқот самарадорлиги» ва «Вақтни бош­қариш» мавзуларида олиб борилди.

– Икки кунлик ўқув-семинарда жамоа бўлиб ишлаш, бошқарувда ходимларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш, муаммони англаш ва вазиятни тизимли таҳлил қилиш каби кўникма ва малакамизни янада мустаҳкамладик, – дейди Нурафшон шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов. – Бу билимлар бошқарув маҳоратимиз ҳамда фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Семинар якунида вилоят ҳокими ўринбосарлари, таш­килий-назорат гуруҳи раҳбари, туман ва шаҳар ҳо­кимлари ўзларига юклатилган функционал вазифалар бўйича «Йўл хариталари»нинг бажарилишини таъминлаш юзасидан ҳафталик, ойлик «иш режалари»ни киритишлари лозимлиги белгиланди.

Зуҳриддин РАҲМОНОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-07-31T20:08:53+00:00