Ўлим ҳақ, деганлари шу бўлса керак. Ҳошим ака оламдан ўтибди, деган хабарни эшитганда Бахтиёрнинг хаёлидан ўтган биринчи нарса шу бўлди. Чунки, бундан атиги икки кун бурун у билан гаплашиб, ҳол- аҳвол сўрашганда Ҳошим ака кайфияти ҳам, соғлиги ҳам яхши эканини, маза қилиб қарилик гаштини суриб юрганини айтган эди..
Ҳошим ака бутун умрини давлат, жамоат ишига бағишлаган инсонлардан эди. Ўтган йиллар давомида у бир қатор идораларда катта-катта раҳбарлик лавозимларида ишлади. Пенсияга чиққандан кейин ҳам роса ўн етти йил меҳнат қилди.
Шу йиллар ичида у ибратли оилага муносиб бошчилик ҳам қилди. Фарзандларини ўқитди, касбли қилди, ўғилларини уйлантирди, қизларини узатди. Бир сўз билан айтганда, жуфти ҳалоли билан бир ота-она қилиши керак бўлган ҳамма вазифани бекаму-кўст адо этишди. Шунинг учун ҳам унинг бу гапларни айтишга маънавий ҳаққи бор эди.
Юқорида айтганимиздек, Ҳошим ака ниҳоятда фаол умр кечирди. Унинг энг охирги раҳбарлик вазифаси – фахрийлар Кенгаши раислиги бўлди. У ушбу лавозимни бундан бор-йўғи етти ой бурун, 77 ёшида топширган эди. Унинг катта лавозим ва вазифаларни эгаллаб юрган пайтларида атрофида парвона бўлиб, бизга нима хизмат бор, деб қўл қовуштириб юрганларни кўп ва хўп кўрганмиз. Амалда ўтирганида Ҳошимжон ака кимларга устоз, кимларга паноҳ, кимларга туғишганидан ҳам азиз ака, ҳатто ота ҳам бўлди. Унинг тўйлари ёки таваллуд кунларида қандай ноёб ва унутилмас қадаҳ сўзлари айтилмади, дейсиз. Кимлар катта ҳаяжон ва кўзида ёш билан меҳрибон устози, ҳеч кимда йўқ акаси, энг билимдон ва ғамхўр раҳбари билан бир умрлик қадрдон дўст ва шогирд бўлиб қолишини айтмади, дейсиз. Бугун эса ана шу инсон бандаликни бажо келтирибди…
Ҳамма яхши билади, ўзбекчиликда марҳумни сўнгги йўлга кузатиш, унинг жанозасида иштирок этиш энг савобли амаллардан бири ҳисобланади. Қолаверса, қадрдон инсоннинг шундай кунида қатнашиш ҳам қарз, ҳам фарз. Шунинг учун ҳам бу нохуш хабарни эшитгач, ўзим яхши билган, ўз даврида Ҳошимжон ака билан бирга ишлаган қадрдонлар билан қўнғироқлашиб уйига ўтдик.
Эҳтимол кўп бора юқорида келтириб ўтилган манзараларга гувоҳ бўлганлигимиз учунми, бу ердаги вазият бизни бир оз ажаблантирди. Чунки, қариндош-уруғ ва маҳалла-кўйдаги одамларни ҳисобга олмаганда, деярли бошқа ҳеч ким йўқ эди.
Жаноза ўқилишига ҳали вақт бор, балки ҳамкасблар, илгари у меҳнат қилган идора ва муассасаларнинг вакиллари, раҳбарлари энди келишар, деган фикр ўтди ҳаёлимиздан. Бу орада домла ҳам келди. Марҳумнинг сўнгги ибодати ижро этиладиган вақт бўлди. Афсуски, марҳум ҳаётлигида у билан ёнма-ён юрган, ҳатто керак бўлганда ундан фойдаланиб келган, давраларда меҳр-оқибат ва садоқат ҳақида ошириб-тошириб ваъзхонлик қилган “сафдошлар” ва “шогирдлар” кўринмас эди.
Оқсоқолни сўнгги йўлга ана шундай кузатдилар. Кўп эмас, бундан бор-йўғи етти ой бурун кимлар учундир ғоятда мўътабар бўлган хонадон бирдан ҳувиллаб қолди. Аслида бунга ажабланишга кўпам ҳожат йўқ эди. Чунки, бугун катта амалда ишлаб юрган одам курсисидан кетган кундан бошлаб унутилади-ю, бу оламни тарк этган одам кимга керак, дейсиз. Бевафо дунё деганлари шудир,балким…
Фатҳиддин МУҲИДДИНОВ