Сир эмас, мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин сабаб кўплаб тадбиркорлар иқтисодий қийинчиликларга дуч келмоқда. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида Президентимизнинг бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Хўш, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари билан жорий этилган қатор имтиёзлардан вилоятимиз тадбиркорлари қандай фойдаланишмоқда? Бу борада солиқ органи ходимлари уларга кўмакдош бўлаяптими?
– Бошқармамизга тадбиркорлардан солиқ тўловларини кечиктириш бўйича 295 та мурожаат келиб тушган, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Турдимурод Абдужабборов. – Мазкур мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, 26 млрд. сўмлик мулк, ер ва сув солиқларининг тўлов муддатлари 1 сентябрга қадар кечиктирилди ҳамда 141 та мурожаат Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда. Қолаверса, 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғидан 4,7 млрд. сўм, ер солиғидан 4,3 млрд. сўм солиқ суммалари ва шуларнинг 0,6 млрд. сўм пенялари ҳисобдан чиқарилди.
Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектлари ҳамда микрофирмаларнинг 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммалари бўйича 2 минг 600 дан ортиқ субъектнинг 1,1 млрд. сўмлик ер ва мулк солиғига ҳисобланган пеня ва молиявий жарималар ҳисобдан чиқарилли. Бундан ташқари, мажбурий ижро бюросида ижрода турган 21,8 млрд. сўмлик солиқ идораси раҳбари қарорлари билан хатланган мол-мулкларни хатлови бекор қилинди ва 96,1 млрд. сўмлик иқтисодий судлар қарорлари ижросини 1 сентябрга қадар тўхтатишни сўраб, илтимосномалар киритилди.
Зуҳриддин РАҲМОНОВ
/Тошкент ҳақиқати/