ТЕЖАМКОР МАҲСУЛОТ ХАРАЖАТНИ КАМАЙТИРАДИ

Юқори Чирчиқ туманидаги «Spart sistem» масъулияти чекланган жамиятида газ горелкалари ва мукаммал хавфсизлик системасига эга сув иситиш қозонларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилганига кўп бўлгани йўқ.

Шунга қарамай, 20 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада юқори сифатли материаллардан тайёрланган маҳсулотлар, хусусан, горелкалар бозорда ўз ўрнини топди.

– Ушбу қурилмалар замонавий технологияларга асосланиб яратилган, – дейди корхона раҳбари Жалолиддин Абдуллаев. – Сифати давлат стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради. Мосламалар – горелкалар сув иситиш қозонлари учун мўлжалланган. Унинг афзаллиги шундаки, газнинг сарф­ланиши тежалади, ёнғин хавфсизлиги тўлиқ таъминланади. 40-90 градусгача бўлган ҳароратни бир маромда сақлаш хусусиятига эга. Мабодо, бир йил ичида қурилмада бирор  носозлик юзага келса, уни бепул таъмирлаб беришни ўз зиммамизга олганмиз.

«Spart sistem»да кенг турдаги газ қозонлари ҳамда бошқа иситиш қурилма ва техникалари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Зуҳриддин РАҲМОНОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-03-21T16:21:46+00:00