УМИДЛАР ЮЗ ОЧАР СЎЗЛАР МАВЖИДА

Ёшликни баҳорга менгзашади. Дар­ҳақиқат, баҳорий гўзаллик кимни ҳайратга солмаган, кимни лол қолдирмаган. Баҳорда ниш ўрган майса, лаб очган куртак, ифори оламни тутган гуллар – барча-барчаси ҳайрат оламига очилган эшик. Бу севишга, севилишга чорлов.

Аслида баҳор гўзаллиги шоирларни яратса не ажаб? Чунки, шоир қалби гулдек нафис, шабнамдек шаффоф, ирмоқдек ўйноқи. Шоирлар ҳам кулиб, ҳам бўзлаб, ҳам ўзини ўзи овутиб шеър ёзадилар. Шоир қалбининг туғёни баҳор туғёнидек завқ­ли.

Жисм малҳами балки дори-дармондадир. Аммо, кўнгил малҳами сўзда. «Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!» Нақадар орзиқиб, соғинч билан айтилган бу нидо куни кеча бизнинг дилимиздан ҳам ўтди, десак ҳамроҳларимиз мени қўлласалар керак. Муддаога ўтсак, биз ўтган ҳафтанинг жума куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ҳайратлари кўзларига, шиддатлари ўзларига, изҳорлари сўзларига сиғмаган ёшларни кўриб, рости, юқоридаги хитобни эсладик. Айни пайтда шукр қилдик, ҳузурландик. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бежизга ижодкорларга ғамхўрлик қилмаётгани, ёш истеъдод соҳибларини излаб топишга, кашф қилишга, уларни ил­ҳомлантиришга чорламаётганига яна бир карра имон келтирдик.

Тошкент, Сирдарё вилоятлари ёш ижодкорларининг ҳудудий семинари ўзига хос адабиёт байрамига айланиб кетди, десак муболаға бўлмас. Анжуманнинг очилиш тантанасида сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев, таниқли шоир Саъдулла Ҳаким, Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқова ва бош­қалар бугун юртимизда ижод аҳлига яратилган шарт-шароитдан тўлиб-тошиб гапирдилар. Вилоятларда ардоқли адибларимиз номига очилган ижод мактаблари фаолиятининг асл мақсад-муд­дао­си борасида сўз юритдилар.

Миллат куйчиси бўлишга шайланган, ижод оламида ўз йўли, ўз сўзи, ўзлигини излаётган ёш қалам соҳибларига ижодкор масъулияти, сўзга, тилга муносабат, устоз ижодкорлар ҳаёт тажрибасидан баҳраманд бўлиш йўллари ҳақида ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Бир сўз билан айтганда, ёшлар ўз ижодий машқлари билан устозлар кўригидан ўтдилар. Ташбеҳларни товлантириб шеър ўқиган тенгдошларининг шеърини тинглаб, кўзлари порлаб кетган, энтикиб қўйганлар ҳам бўлди. Зеро, яхши шеър лаҳзанинг сўздаги сурати, яхши ташбеҳ маънолар нурланиб турган сўзнинг сийрати. Яхши шеър эса ўзидан ўзи ёзила қолмайди. У том маънода истеъдод маҳсули.

Атоқли авар шоири Расул Хамзатов ёш шоирларга берган маслаҳатларида «Менга мавзу эмас, кўз беринг, деб айтгин», деган экан. Чунки, шоир тийрак нигоҳ соҳиби бўлмоғи, ойнинг ўроғида қалам йўнмоғи, юлдузлар юзидан ҳайрат термоғи, қофиянинг қўнғироғига эмас, сўзнинг сифатига, сийратига асир бўл­моғи, маънодан маъно изламоғи керак.

Шукрким, ёш ижодкорларнинг Зомин семинаридан олдин вилоятлараро ўтказилаётган ҳудудий мушоираларда истеъдодли ёшларнинг бўй кўрсатгани, шеърларида ҳам замон шиддати, ҳам асрий қадриятлар фалсафаси, ҳам ташбеҳлар мавжи борлиги бизни хушнуд этди. 17-20 ёш оралиғидаги бу умидли ёш­ларнинг шеърларини тинглаб, беихтиёр ҳазрат Навоийнинг «Умидим шулки, умидингға еткайсен», деган сатрлари дилдан ўтди.

Биз бугун қадрли газетхонларимиз эътиборига вилоятимизнинг бир гуруҳ ёш ижодкорлари, яъни семинар иштирокчиларининг машқларидан ҳавола қилмоқчимиз. Уларнинг номлари матбуотда илк бор эълон қилинмоқда. Умидвормизки, «Тошкент ҳақиқати» газетаси ўқувчилари бу шеърларни ўқиб, бизнинг юқоридаги хуш ниятларимиз ва ифтихорларимизга шерик бўладилар. Айни пайтда дил-дилдан ёшларимиз камолини тилаб қўядилар.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари

2018-07-31T19:54:15+00:00