ЎРТА ЧИРЧИҚНИНГ БАРАКА ХИРМОНИ

Ўрта Чирчиқ тумани ғаллакорлари вилоятимиз ғалла хирмонига 31 минг 350 тоннадан ортиқ товар дон топшириб, вилоятда биринчи бўлиб шарт-номани бажаришди. Ғаллакорлар 16 кунда режадаги ҳосилни йиғиб олишни уддалашди.

Албатта, бундай катта хирмонни яратишда мавсум давомида омилкорлик билан иш юритилгани, буғдой майсалари ўз вақтида озиқлантирилгани самара берди. Бундан ташқари, туман фермерларининг катта тажриба ва шижоати ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, “Охунбобоев” ҳудуди фермерлари 2514,5 тонна ўрнига 2599 тонна, “Дўстлик” ҳудуди фермерлари 2598,8 тонна ўрнига 2737,5 тонна, “Янги тўлқин” ҳудуди фермерлари эса 1433,1 тонна ўрнига 1511 тоннадан ортиқ ғалла топшириб, ката хирмонга ўз ҳиссаларини қўшишди.

Шунингдек, “Ҳақиқат” ва “Қайтмас” ҳудудларида ҳам шартномавий режа ортиғи билан бажарилди. Аксарият фермер хўжаликларида ҳосилдорлик гектар ҳисобига 70-75 центнерга етди.

Дарвоқе, тумандаги барча ҳудудларда ҳали ғалла ўрими давом этмоқда. Қолаверса, келгуси йил учун уруғлик донни ўриб олиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилаяпти.

Ўз мухбиримиз

2020-06-29T12:33:08+00:00