ҲУШЁР ОДАМ – ХОТИРЖАМ

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам Наврўз байрами шукуҳи кезмоқда. Шаҳар ва туманларимизда, чекка-чекка қишлоқларимизда ушбу айёмни юқори савияда, кўтаринки руҳда кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Наврўз юртимизга ўзининг илиқ тафти, гулу чечаги билангина эмас, балки тинч-осойишта ҳаёт янада ширин ва завқли эканини намоён этиб келади. Шу боис, халқимиз бу байрамда барча неъматларга, айниқса, тинчлигимизга шукрона келтиради.

Президентимизнинг «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида ҳам ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Унда тинч ҳаётни қадрлаш, шукроналик туйғуси билан яшашга бўлган юксак даъват мужассам.

– Осойишталик қадри байрам кунларида янада яққол намоён бўлади, – дейди вилоят маҳаллалар кенгаши раисининг ўринбосари Нуриддин Мирзақулов. – Чунки, бу халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик каби қон-қонига сингиб кетган эзгу амалларини рўёбга чиқаришга кенг йўл очади. Шу кунларда вилоятимиз туман ва шаҳарларида, қишлоқларида кўчат экиш, ободонлаштириш ишлари авж паллага кирган. Албатта, бундай эмин-эркинлик юртимизда ҳукм сураётган осойишталик туфайлидир. Шундай экан, бу улуғ неъматни кўз қорачиғимиздек асрашимиз, айём кунлари байрам тадбирларида, Наврўз сайилларида иштирок этадиган фарзандларимизни назоратсиз  қолдирмаслигимиз зарур. Йўл ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига янада қатъий риоя қилишни унутмаслигимиз, ҳушёр бўлишимиз даркор. Зеро, ҳушёр одам – хотиржам.

Ўз мухбиримиз

2018-03-21T15:26:58+00:00