Дунёни гўзаллик асрайди! Бу тилимизда бот-бот жаранглаб турадиган маълум ва машҳур ибора. Ўйлаб кўрсак, сўздан фикр, фикрдан ҳикмат яралади. Бир оғиз яхши сўз иккинчи бир қутлуғ ўй-хаёлга эшик очади. Дунёни гўзаллик асраса, гўзалликни ким асрайди, деган савол туғилиши табиий. Албатта, инсон. Аммо, дуч келгани эмас, балки маънавияти юксак, комил инсон асрайди гўзалликни!
Маънавий мулк – барҳаёт мулк
Бизга буюк аждодларимиздан етарлича бой илмий, бадиий, маънавий мерос қолган. Ўтмишда яратилган бирон илм-фан йўқки, унинг тамал тошини қўйишга, ривожига ота-боболаримиз муносиб ҳисса қўшмаган бўлсин.
Аслида инсон маънавиятининг асоси маънавий покликдан бошланади. Озода кўнгилда озода хаёллар бўлади. Нияти покиза инсоннинг чеҳраси шу туйғудан нурланиб туради.
Бу дунёда ҳар кимнинг ўз йўли бор. Ўзига ато этилган йўлдан ҳар ким ўзи ўтиб боради. Чунки, бир инсон ўзгани бир умр етаклаб юролмайди. Аммо, йўл кўрсатади, ақл ўргатади, илму сабоқ беради. “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” нақли боболарнинг шу сабоғидан бизга мерос аслида.
Миллат маърифати, миллат маънавиятини ким шакллантиради? Маънавият тушунчасидан айро яшаб бўладими? Албатта, йўқ! Чунки, маънавий поклик, маънавий журъатнинг илк тўлқини қонимизга онамиз алласи билан, отамиз дуоси, даъвати билан кирган. Алла оҳанги ила она қалбидан оқиб чиққан тилакларни поклик чашмасига менгзаш мумкин.
Авлодлар қалбида абадий яшаб қолиш бахтига муяссар бўлган улуғ аждодларимиз Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий каби ўнлаб азизу авлиёларни, илму ҳикмат соҳибларининг ҳаётини, яшаш тарзини ўргансак, бир нарсага – уларни покдомон бўлганига амин бўламиз. Улар ҳаромдан ҳазар қилганлар. Ёлғиз Аллоҳга сиғинган, ундан нажот, ундан ҳидоят, ундангина эзгулик тилаган.
Буюк аждодларимиз дунёга илм истаб, маърифат истаб келганлар. Уни топгани боис, бугун авлодлари қалбида шу илму ҳикмат нури ила яшамоқда. Маърифат аҳлининг, маънавият соҳибларининг битта йўли бор. Бу – ҚАЛБ йўли. Улар инсоннинг чеҳрасидан олдин қалбини кўрадилар. Чунки қалбдан қалбга, юракдан юракка очилган йўлда тўғон йўқ. Яратган азиз тутган оқилу фозиллар умри эзгу ният, эзгу амал, эзгу ахлоқ ва маърифат, поклик ила барҳаёт бўлган. Улар умр бўйи қалбга йўл излаган.
Бу покиза имон соҳиблари қорин қайғуси билан эмас, қадр қайғуси билан яшаган. Миллат қадри, миллат маънавияти уларнинг улуғ мақсади бўлган. Демак, маънавият маскани қалбда бўлса, маърифат йўли ҳам қалбдан бошланади.
Ҳоким ҳақли талаб қўйди
Инсон қачон ўзидан, яшаш тарзидан қониқиш ҳосил қилади? Касбидан барака топса! Шу боис ота-боболаримиз бежиз: “Касбу корингга барака берсин”, дея дуо қилмаганлар. Беихтиёр савол туғилади. Ҳаётда ўз юмушини қойилмақом қилиб юрганлар кўпми ёки иши, касбидан норози юрганларми? Ниятга қараб амал. Ким нима истаса, нияти холис, ҳаракати ҳалол бўлса, албатта, излаганини топади, ўйлаганига етади.
Ота-боболаримиз бешикдан тобутгача бўлган умр йўлида илм излашга даъват қилганлар. Аммо оғирни усти, енгилнинг остини кўзлаганлар доимо сермашаққат илму маърифат йўлини хоҳлайвермайдилар. Зеро, таъкидланганидек, игна билан қудуқ қазиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов вилоят маънавият ва маърифат аҳли билан, тўғрироғи, 22 шаҳар ва туманда шу соҳанинг масъули бўлиб, яъни маош олиб ишлаётган Республика “Маънавият ва маърифат“ маркази туман, шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва маҳаллий бошқарув идоралари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари билан учрашди, дилдан суҳбатлашди. Шу суҳбат асносида, очиғи, вилоят раҳбари ушбу соҳалар кадрлари ишидан мутлақо қониқмаётганини билдирди. Учрашувда иштирок этиб, вилоят ҳокимининг куюнчаклик билан билдирган фикрларини қалбан тасдиқлаб турарканман, албатта, бу ҳолатни қоғозга тушириш керак, деган ўйга келдим.
Юқорида айтилганидек, умрини, ҳаётини буткул миллат маънавияти, маърифатига бахшида этиш, мингдан бир инсонлар истайдиган ва унда юришни уддалай оладиган машаққатли йўл аслида.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўплаб бошқа соҳалар қатори маънавиятимиз, маърифатимиз тараққиётига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу соҳа ишини такомиллаштириш бўйича махсус қарор қабул қилинди. Аксарият ҳолларда жамоатчилик асосида бошқарилаётган туман, шаҳар бўлимлари бюджет маблағи ҳисобидан маош билан таъминланди. Қайси шаҳар, туманда Кенгаш раҳбари сифатида ҳоким эътиборли бўлса, бўлимларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Афсуски, айрим шаҳар, туман ҳокимларининг бу соҳага ҳамон панжа орасидан қараётгани ҳам ҳақиқат.
Вилоят ҳокими учрашувда масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратди. Туман, шаҳар бўлими раҳбарларидан қатъиятли, ташаббускор бўлишини талаб қилди. Аввало, ўзгалар маънавияти учун масъул бўлган инсон лоқайдликдан йироқ бўлса, оддий меҳнаткаш халқ ҳаётидан бохабар юрса, ўз устида тинимсиз ишласа, албатта, кўзлаган мақсадига эришишини уқтирди.
– Афсуски, бизда ундай эмас, – деди вилоят ҳокими. – Мен ҳозир сизларга бир нечта савол билан мурожаат қилишим мумкин. Ким қайси шаҳар, туманда яшаб, ишлаётган бўлса, шу худуднинг тарихини, табиатини, шу заминда туғилиб, камолга етган олиму фузалосини, меҳнатидан қадр топган оддий фидойи инсонларини яхши биладими? Туманда маънавияти, маърифати юксак, ҳам ҳаётда, ҳам турмушда, жамоада намуна кўрсатиб келаётган оилалар сони нечта? Маънавият бўлими раҳбари бир кунда қанча оилага кириб чиқди? Қайси нафақадаги маърифатли оқсоқоллар билан суҳбатлашди? Улар билан неча марта ёшлар учрашувини ташкил этди?
Маълумки, аёллар гулни, райҳонни, гўзалликни яхши кўради. Туманда ҳовлисини яшнатиб қўйган нечта хонадон бор? Китобхон оилалар сони қанча, энг катта шахсий кутубхона кимнинг уйида?
Ҳар бир маънавиятчи бугун тонгда туриб, нима иш қилиши кераклигини ўйлайдими? Қатъий иш режаси борми? Иш жойидаги шароитини яхшилаш, юқори ташкилотлар қўйган талабларни амалга ошириш, ечими мураккаброқ муаммоларни ҳал қилиш юзасидан ҳокимнинг, ҳоким ўринбосарларининг қабулига неча марта кирган?
Ҳа, бу каби саволларни исталганча бериш мумкин. Инсоф, диёнатни унутмаган инсон, касби масъулиятини ҳис қилган одам ҳар қандай шароитда ҳам имконияти даражасида меҳнат қилади. Ёлғон ҳаёт кечирмайди. Виждони олдида уялади. Қолаверса, бугун маънавиятчиларимиз яхшигина маош оляпти.
– Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, – деди вилоят ҳокими, – туман, шаҳар ҳокимларининг энг биринчи иши маънавият, ёшлар тарбияси, уларга эътибор бўлмоғи керак. Чунки, маънавияти юксак инсон ўз юмушига ҳам, давлат ишига ҳам масъулият билан ёндошади. Аслида хом хаёллар билан юрадиган ёки бефойда йўлдаги бир одамнинг фикрини яхши томонга бура олиш ҳам соҳа эгасининг меҳнати маҳсули ҳисобланади…
Ўзаро савол-жавоблар, қизғин суҳбатлар мобайнида вилоят ҳокими аниқ таклиф, самарали режа, инновацион ғоялари бор ҳар бир маънавият мутахассисига қанча маблағ зарур бўлса топиб беришни ваъда қилди.
Қолаверса, маънавият соҳибларининг яна бир муҳим иши, вилоятимиз туман, шаҳарларида амалга оширилаётган хайрли ишлар, яхши ташаббусларни оммалаштиришдир. Чунки, “Бирники мингга, мингники туманга”. Яхшиликдан, яхшилардан намуна олиб, уларга ҳавас қилиб яшашда маъно бор, ахир.
Вилоят ҳокими маҳаллий бошқарув идоралари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилари ишидан ҳам умуман қониқиш ҳосил қилмаётганини ошкора айтди.
Тўғри-да, муҳтарам Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунни умумхалқ байрами сифатида нишонлашни қонун билан эълон қилиб, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ҳудуд раҳбарларига маош олиб ишлайдиган маслаҳатчи лавозими жорий этди. Она тилига бу қадар жонкуярликни дунёнинг бирорта мамлакатида учратмайсиз. Умуман, мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни рисоладагидек ташкил этиш бўйича барча шарт-шароит яратиб берилаётган бўлса-ю, Сиз – шу соҳа эгалари, айтинг-чи, ўз виждонингиз олдида юзингиз ёруғми?
Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Янгийўл каби қатор туман ва шаҳарларимиз йўлларидаги реклама, эълонларнинг аҳволини кўринг. Ачинасиз, ғазабланасиз, ўзбеклигингиздан, ўзингиздан уяласиз. Инсон мард бўлиши керак. Зиммасидаги вазифани уддалай олмаяптими? Қўлини кўксига қўйсин, ўрнини бўшатсин, марҳамат қилиб, ҳалол ишлайдиганларга берсин.
Қалб йўли
Маънавият – бизнинг қалбимиздан поклик оламига очилган эшик. Бу эшикдан кирмоқчи бўлган одамнинг қадди тик, нияти тоза, луқмаси ҳалол, ўзи дарёдил бўлмоғи керак. Инсон қачонки ўз хатосини тан олса, хатоларидан тегишли хулоса чиқарса, демак, у маънавиятли, маърифатли одам. Унинг истиқболига, нурли келажагига ишонса бўлади. Ижод оламида башарият даҳоси бўлган ҳазрат Алишер Навоий бобомиз бу борада шундай ўтли байт битган:
“Бўлди ўз нодонлиғимни англамак донолиғим”.
Ўйлаб кўрсак, аксариятимиз Парвардигор олдида гуноҳкор бўлишдан қўрқамиз. Афсуски, сафимизда гуноҳдан мутлақо қўрқмайдиганлар ҳам кўпайиб бораётгани аччиқ бўлса-да ҳақиқат. Наздимда, бугунги маънавий оламимизни кузатиб, бизга маънавий бой мерос қолдирган улуғ аждодларимиз руҳи поки олдида ҳам мулзам бўлаётгандекмиз. Айтинг-чи, инсон сифатида бизни, қалбимизни ким ва нима асрайди? Маънавиятимиз, маърифатимиз асрайди, шундай эмасми? Албатта, ягона асрагувчимиз – Аллоҳнинг ўзи! Аммо, бизни жаҳолат чоҳига тортаётган ширкимиз, имондан, ҳаёдан, вафодан узоқлаштириб бораётган баднафсимиз эмасми? Ушбу байтни битаётганларида Румий ҳазратлари бизнинг бугунги аҳволимизни қалбан кўриб тургандек:
“Куйлади Довуд, чу тошлар бўлди сув,
Етмади лек дили тошларга у…”
Ёмоннинг ёмонлигидан аслида тошлар ҳам титрар экан. Нима учун қаҳри қаттиқлар сони ортиб боряпти? Нечун меҳр танқислашиб бормоқда? Ватани, халқи, туғишганларини қўя туринг, ўз ота-онасидан йиллаб хабар олмаётганларнинг қалб кўзларига ким қора парда тортиб қўйди? Инсон меҳрнинг чашмасидан ичмай қўйса, ҳаёнинг ҳавосидан нафас олмаса, имон нуридан йироқлашса, охир оқибат маънавиятидан, маърифатидан ҳам айрилади.
Биламиз, биз тезкор замонда – ахборот асрида, техникалар туғёнида, инновацион ғоялар тўлқини ичида яшаяпмиз. Замон бизга боқмаса, биз унга боқишга мажбурмиз. Ўз вақтида устоз Озод Шарафиддиновнинг “Замон, қалб, поэзия” китоби жуда қўлма-қўл ўқилганди. Демак, шиддатли замонимиз бизнинг қалбимизни ҳам, маънавиятимизни ҳам асролмайди. Асраса, уни гўзаллик, муҳаббат, маърифат, маънавият асрайди. Таниқли рус педагоги Антон Макаренко фарзандлар тарбияси борасида: “Болага 12 ёшгача нимани берсангиз шуни ўрганади, 12 ёшдан кейин нимани хоҳласа шуни ўрганади”, деганида ҳақ эди. Муҳтарам Президентимиз бежиз энг зукко китобхон ўғил-қизларимизга машина совға қилаётганлари йўқ.
Тарбияда бой берилган вақтни – маънавиятсизликда қурбон бўлган, кул бўлган умрга менгзаш мумкин.
Содда қилиб айтганда, биз ҳеч кимнинг кўзига парда тутиб бўлмайдиган, қулоғига пахта тиқиб қўйилмайдиган замонда яшаяпмиз. Икки кўзимиз, икки қулоғимиз тобора катта очилиб бораяпти. Аммо қалбимиз кўзини, қалбимиз қулоғини беркитиб қўйишга ҳаққимиз йўқ. Уларни миллат маънавияти, миллат маърифати учун очиб қўйишимиз керак. Биз айбни замондан эмас, ўзимиздан излашимиз керак. Бобокалонимиз Юсуф Хос Ҳожиб: “Агар эл олинса қилич билан олинади. Агар эл бошқарилса қалам билан бошқарилади”, деган эканлар.
Қўлимда қалам, дилимда янги-янги фикрлар юз очмоқда. Аммо, доно халқимиз лутф қилгандек, “Кўп гапирган одам, кўп янглишади”. Келинг, шу боис муҳтарам Президентимиз куюниб айтган фикрлари билан мулоҳазаларимга нуқта қўйсам: “Менга баландпарвоз қуруқ ҳисоботлар эмас, одамларнинг розилиги керак. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол, пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзланган барча марраларга, албатта, етамиз!”.
Шубҳасиз, шундай: ҳалоллик тараққиёт ўзаги, юксак маъанавият пойдевори. Ният қиламиз, Илоҳо, қалбимизда маънавият учун очилган йўл ҳамиша ёр уғ бўлсин!
Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири,
сенатор