ВИ Л О Я Т  Б Ў Й Л А Б

 

ТОШКЕНТ туманининг маркази Келес шаҳрида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси қад ростлади. Келес йўли кўчасида эса “Anglesey food” хорижий қўшма корхонаси томонидан бунёд этилаётган “Korzinka.uz” савдо ва кўнгилочар марказининг қурилиши жадал давом этмоқда. Ҳозир бу ерда ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Яқинда икки қаватли собиқ суд биноси 12-сонли мактабгача таълим муассасаси тасарруфига ўтказилиб, 480 нафар болажонларни ўз бағрига олиш учун мукаммал таъмирланди.

 

ОЛМАЛИҚ шаҳрида ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш юзасидан биринчи ярим йилликда бажарилган ишлар сарҳисоби ҳамда иккинчи ярим йилликда амалга ошириладиган вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

 

ЧИРЧИҚ шаҳар ҳокимлигида махсус штаб аъзоларининг мулоқоти бўлиб ўтди. Жорий йилнинг 20 июнидан шаҳар “қизил” тоифадаги ҳудудга киритилганлиги сабабли карантин қоидалари кучайтирилгани, қўшни ҳудуд чегараларида блок постлар ўрнатилиб, ИИБ ҳамда ДСЭНМ ходимлари томонидан туну-кун навбатчилик йўлга қўйилгани ҳақида сўз юритилиб. уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.

 

ОҚҚЎРҒОН туманида коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш ва фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича брифинг ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, “Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича” штаб раҳбари ҳамда мутасаддилар иштирок этишди.

Брифингда туман 16 июндан “сариқ” тоифадаги ҳудудлар қаторига киритилгани таъкидланди, шунингдек, карантин даврида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.

 

ОҲАНГАРОН туманидаги қорамолчиликка ихтисослашган “Қурама қорабайирлари” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан Нидерландиядан 61 бош наслли қорамол олиб келинди. Яқин кунларда чет элдан яна 429 бош зотдор қорамол келтириш режалаштирилган. Шунингдек, туманда қорамолчилик ва қўй-эчкичиликни ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 746 миллиард 598 миллион сўмга тенг бўлган (шундан 53 миллион 210 минг доллари хорижий инвестиция) 30 та чорвачилик комплекси (17 та қорамолчилик, 13 та қўй-эчкичилик) бунёд этилиши режалаштирилган.

2020-07-06T16:13:11+00:00