ВИЛОЯТ ЁШЛАРИНИНГ ИННОВАЦИОН ҲАФТАЛИГИ

Вилоятимиздаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва ташаббускор битирувчилар учун инновацион ҳафталик ўтказилди. Унда касб-ҳунар таълими ҳамда бандлик бош бош­қармалари, турли ташкилот мутасаддилари иштирок этди.

Юқори Чирчиқ туманидаги қурилиш ва сервис касб-ҳунар коллежида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда етакчи тармоқларни инновацион ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди. Ёшларнинг инновацион ғояларини саралаш ва ҳаётга жорий этиш мақсадида ташкил этилаётган кўргазмалар уларни бирлаштириб, илмий-амалий салоҳиятини юзага чиқариш имконини бераётгани таъкидланди.

Ҳафталик доирасидаги кўр­газмада тумандаги касб-ҳунар коллежларининг 20 дан ортиқ ўқувчиси томонидан либослар дизайни, архитектура, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик соҳаларини ривожлантириш бўйича тайёрланган лойиҳа ва ишланмалар намойиш этилди.

– Ёшларимиз дунёқарашида инновация муҳитини шакллантириш, мамлакатимиз йигит-қизларини замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳар томонлама етук шахслар этиб вояга етишида ҳам бундай кўргазмалар катта аҳа­миятга эга, – дейди Юқори Чирчиқ агросаноат ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директори Абдужаббор Абдужалилов.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилар тақдим этган инновацион лойиҳа ва ишланмаларнинг ютуқ ва камчиликлари атрофлича муҳокама қилинди. 6 та истиқболли лойиҳа ва ишланмалар саралаб олинди.

Кўргазмада қурилиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг архитектура ва бино қурилиши бўйича тайёрлаган лойиҳалари энг яхши, деб топилди. Тумандаги транспорт ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан тикилган миллий либослар барчада катта таассурот қолдирди. Фаол иштирок этган ёшларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик сов­ғалари топширилди.

Ҳафталикнинг якуний ви­лоят босқичи Пискент туманидаги Маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда энг иқ­ти­дорли, деб топилган 147 нафар иштирокчи 15 йўналиш бўйича 100 дан ортиқ лойиҳа ва ишланмалар орқали олган билимлари ва касб маҳоратларини кўрсатишди.

– Ушбу инновацион ҳафталик ёшларнинг иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида, меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига хизмат қилади, – дейди вилоят касб-ҳунар таълими бош­қармаси бошлиғи ўринбосари Азимжон Холдорбеков. – Бу кўргазма давомида иш берувчилар касб-ҳунарни пухта эгаллаган битирувчиларнинг реал имкониятлари, билим савияси, малака ва иқтидорлари тўғрисида батафсил маълумот олишди. Бу, ўз навбатида, «Иш берувчи – битирувчи – коллеж» ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлайди.

– Ҳафталикда томорқадан беш марта даромад олиш мумкинлиги ҳақидаги лойиҳам билан иштирок этдим, – дейди Қуйи Чирчиқ туманидаги агросаноат ва транспорт коллежининг 2-курс талабаси Эркин Бозоров. – Илгари сураётган таклифимда томорқага бир вақтнинг ўзида ер ости ва устки қисмига қараб ўсадиган икки хил экинни экиш мумкин. Шу боис, эрта баҳордан то кеч кузгача беш мартагача такрорий экин экиб, ҳосил олиш имкони мавжуд. Лойиҳамга фермер хўжалиги раҳбарлари жуда қизиқиш билдиришди. Айни мана шу инновацион ло­йиҳам сабаб ғолиблар қаторидан ўрин олдим.

– Кўп қаватли тураржойлар учун иссиқ сув етказиб беришда электр энергиясини тежайдиган инновацион лойиҳам билан қатнашдим, – дейди Зангиота туманидаги маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ислом Рустамов. – Ҳакамлар ҳайъати томонидан бу лойиҳам истиқболли, деб топилди. Келгусида таҳсилимни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида давом эттирмоқчиман. Олийгоҳда бундан ҳам яхшироқ ва самарали инновацион ишланмалар устида изланиш олиб бораман.

Поёнига етган вилоят ёшларининг инновацион ҳафталигида 45 нафар иштирокчининг энг яхши лойиҳа ва ишланмалари ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилди. Уларга тадбир ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Ҳафталик якуни бў­йича таклиф этилган лойиҳаларни маҳаллий ҳокимият вакиллари билан реал иқтисо­диёт тармоғига татбиқ этиш белгиланди.

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Тошкент ҳақиқати» мухбири

2018-07-31T20:03:01+00:00