БЎСТОНЛИҚ туманида “Leader building industries” масъулияти чекланган жамияти “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман филиали ташаббуси билан имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур бетон ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонанинг очилишида туман ҳокими ва прокурори ҳамда ёшлар иштирок этишди. Корхона иш бошлаши билан тумандаги 34 нафар йигит-қиз доимий ишли бўлди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ЯНГИЙЎЛ шаҳар кенгаши, шаҳар ҳокимлиги ва Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда «Ҳоким ва ёшлар» учрашувини ўтказди. Учрашувда 40 нафар ёшлар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда бевосита, 120 нафар ёш эса ZOOM дастури орқали иштирок этди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб олишди. Мавжуд муаммолар ўрганилиб, ечим ва таклифлар кўриб чиқилди.
“МИСиС”нинг ОЛМАЛИҚ филиалида шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсанов ҳамда ёшлар иштирокида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда бокс бўйича кўплаб мусобақалар ғолиблари, хусусан, Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов, шунингдек, вилоятимиздан етишиб чиққан умидли боксчилар ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан боксчиларимизга эсдалик совғалари топширилди.
ПАРКЕНТ тумани сектор раҳбарлари ҳам ёшлар билан учрашди. Йиғилишда ёшларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим изланди. Шунингдек, учрашувда битирувчи ёшларга тадбиркорлар томонидан икки томонлама манфаатли таклифлар берилди.
ЯНГИЙЎЛ тумани прокурорининг ёшлар билан учрашуви ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн ўтказилди. Учрашувда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини амалда самарали таъминлаш борасида сўз юритилди. Бундан ташқари, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
ЎЗБЕКИСТОН Қизил ярим ой жамияти ОҚҚЎРҒОН тумани бўлими Ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда ўтказган «Кексаларга ижтимоий хизмат кўрсатишга ёшлар орасидан кўнгиллиларни кенг жалб қилиш» лойиҳасида кўнгилли сифатида беғараз хизмат қилган ёшлар рағбатлантирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тадбирда жамиятнинг туман бўлими раҳбари Муқаддас Оққулова карантин вақтида кўнгилли ёшлар ҳамроҳлигида нафақат кексалар ва нуронийлар, балки барча тоифадаги муҳтож оилаларга ҳам беғараз ёрдам кўрсатилганини таъкидлаб, бу каби лойиҳаларни кўпайтириш таклифини билдирди.
ТОШКЕНТ вилояти транспорт бошқармаси ходимларининг 23 фоизини ёшлар ташкил қилади. Уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, қизиқишлари бўйича олий ўқув юртларига йўналтириш биринчи галдаги вазифадир. Бу ҳақда бошқармада бўлиб ўтган “Прокурор ва ёшлар” учрашувида гапирилди.
Бошқарма Ахборот хизматининг хабар беришича, эндиликда бошқармада 4-5 йилдан буён меҳнат қилаётган ёшларга янги ташкил этилган Транспорт университетига ўқишга киришлари учун йўлланмалар ажратилиши таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда оилали ёш кадрларга имтиёзли асосда уй-жойлар ажратиш муаммоси ҳалигача ижобий ҳал этилмагани айтилди.
Йигит-қизларнинг саволларига Тошкент вилояти транспорт прокурори ёрдамчиси Садоқат Каримова жавоб қайтарди ва барча масалаларни ижобий ҳал этиш учун таклифлар киритилишини маълум қилди.