ЖАҲОЛАТНИНГ УМРИ ҚИСҚА

Халқаро хавфсизликка таҳдид солувчи глобал муаммолар инсоният тақдирига қанчалик вайронкор таҳдид солаётган бўлса, диний экстремизм ва терроризм таъсири кўлами улардан кам эмас.

Мазкур мушоҳада Оҳангарон шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказида Республика «Маънавият ва маърифат» маркази ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган «Дунёни маърифат қутқаради» мавзуидаги давра суҳбатида тилга олинди.

Тадбирда сўз олган марказнинг туман бўлинмаси раҳбари Ш. Абдураҳмонова, ҳудуддаги «Хонобод» жоме масжиди имом-хатиби А. Мадалипов, шунингдек, тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, мамлакатимиз равнақига таҳдид солувчи кучлар, хусусан, бутун дунёда вайронкор тус олаётган диний экстремизм, терроризм иллатларининг манфур ғоя ва мақсадларидан ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш, айниқса, ёшлар онгини зарарли оқимлар таъсиридан муҳофаза этиш, уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларини ҳаётий ва жонли мисоллар орқали баён этишди.

Худди шу мазмундаги давра суҳбатлари Нурафшон шаҳри ҳамда Ўрта Чирчиқ туманларидаги бир қатор таълим муассасалари, маҳаллаларда ҳам бўлиб ўтди. Маърифий кечада иштирок этганлар соҳа мутахассислари ва маънавият тарғиботчиларидан ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий, диний мавзуларга оид саволларига батафсил жавоб олдилар.

Ирода МУҲАММАДАЗИЗОВА,

Республика «Маънавият ва маърифат» маркази вилоят бўлими етакчи мутахассиси

2018-03-21T15:28:43+00:00